«Барселона» футболчилари Неймардан бу ёзда клубдан кетмасликни сўрашган. AS тарқатган хабарга кўра, Жерар Пике, Луис Суарес, Лионель Месси ва бошқа футболчилар бразилиялик футболчи билан гаплашиб, уни қолишга кўндиришган. Қайд этилишича, Неймар жамоадошларининг гапларига кириб, «Барселона»дан кетмайдиган бўлган.

Ўтган ҳафтада ушбу футболчи «Барселона»дан «ПСЖ»га ўтиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Париж клуби 25 ёшли бу ҳужумчи учун 222 миллион евро таклиф этган ва футболчининг ўзига трансферга рози бўлиши учун катта бонус тўламоқчи.

Шунингдек, Неймар ўзи Париж клубига кетаётгани ҳақида айрим жамоадошларига маълум қилгани ҳақида хабар тарқалди.

Неймар айни вақтда «Барселона» билан АҚШда мавсумолди йиғинида бўлиб турибди, у «Ювентус»га қарши ўртоқлик ўйинида икки гол уриб, жамоасига ғалаба келтирди.

Неймар каталонияликлар жамоаси сафида 2013 йилдан буён ўйнаб келмоқда. У ўтган вақт ичида «Барселона» учун 186 учрашувда майдонга тушган ва 105 гол уриб, 80 голга узатма берган.

ОАВда унинг «Барселона»дан кетиши ҳақидаги хабарлар «у Лионель Месси соясида қолиб кетаётгани» билан боғланди.