22 июль куни «Ҳилол-нашр» нашриёти ҳамда Islom.uz портали томонидан ташкил қилинган «Қуръонга хизмат – олий мақсад» номли анжуман бўлиб ўтди.

Анъанага кўра, анжуман Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Сўнг нашриёт раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф анжумандан кўзланган мақсад ҳамда келгуси режалари ҳақида сўзлади. 

«Рамазон – Қуръон ойи. Шу боис, бу ойда ўтказилган барча тадбирларимизнинг марказида, замирида Қуръони Каримни ўрганиш ва ўргатиш, Қуръонга амал қилиш, Қуръонга хизмат қилиш ётади. Шунинг учун ҳам бугунги анжуманимизни «Қуръонга хизмат» деб номлаб, Аллоҳ таолонинг муборак Каломига хизмат қилган азизларимизни таклиф этдик», - деди Исмоил Муҳаммад Юсуф.

Шундан сўнг «Сўнмас садолар» туркумининг навбатдаги сонларини тақдим этиш вақти келди. Устоз Неъматуллоҳ қори томонидан қилинган хатми Қуръон ҳамда терма қироатлар жамланмасини «Ислом ота» масжидининг имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид тақдим қилди.

«Маълумки, «Сўнмас садолар» туркумининг дастлабки сонида икки хатми Қуръон тақдим қилинган эди. Бу хайрли иш Ватанимизнинг диний-маърифий тарихида катта воқеа бўлди. Қалби Қуръонга муштоқ, кўнгли Қуръонга ошно халқимиз бу мунаввар осори атиқаларимизни бағоят мамнуният билан кутиб олди. Туркумнинг навбатдаги сонида яқин ўтмишимизда Қуръони Каримга хизмат қилиб ўтган устоз қори буваларимиздан яна бири ‒ Неъматуллоҳ қори Қосимжон ўғли раҳматуллоҳи алайҳ ўқиган хатми Қуръон ҳавола қилинмоқда. Бу хатм 1978-79 йилларда тасмага туширилган. Афсуски, тасма тўлиқ сақланиб қолмаган, ундаги айрим сура ва оятлар тушиб қолган, аммо қироат жуда ҳам гўзал бўлиб, кўп қисми тиниқ сақланган», дейилади хабарда.