Сурия ҳукумат кучлари АҚШ Шайрат авиабазасига зарба берганидан сўнг кимёвий қурол қўлламади. Бу ҳақда АҚШ қуролли кучлар штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари генерал Жозеф Данфорд маълум қилди.

«Асад агар ўз мамлакати фуқароларига қарши кимёвий қурол қўлласа, оқибати ёмон бўлиши ҳақида апрелда аниқ-тиниқ сигнал олганди. Шундан бери у бундай қуролдан фойдаланмаган», — дея Данфорднинг сўзларини келтирган РИА «Новости».

Бундан олдинроқ Германиянинг Die Welt нашри Сурия расмийлари июлда бир неча бор ўз аҳолисига нисбатан кимёвий қурол қўллагани, жумладан, Гутада ва Дамашқ яқинидаги Айн-Тарма аҳоли пунктида заҳарловчи моддалар ишлатгани ҳақида хабар тарқатганди.

Эслатиб ўтамиз, Суриянинг Идлиб шаҳрида 4 апрель куни кимёвий ҳужум куни амалга оширилганди. Бу ҳужум оқибатида 80 киши ҳалок бўлди.

7 апрель куни АҚШ Сурия ҳукуматини мазкур ҳужумда айблаб чиқди ва сурияликларнинг Шайратдаги аэродромига 59та «Томагавк» қанотли ракеталари билан зарба берди.