Самарқанддаги Халқ қабулхонаси Президент ва халқ ишончини оқлаяптими?

Жамият 23 Июль 2017 5402

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган жойлардаги Халқ қабулхоналари талаб даражасида ишлаяптими? Улар аҳолининг оғирини енгил қилиш борасидаги ўз вазифасини қандай бажармоқда? Афсуски, бу саволларга Самарқанд вилоятидаги қабулхона фаолияти асосида ижобий баҳо бериш мушкул. 

17 июнь куни Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов вилоятдаги Халқ қабулхоналари ишидан норози эканлигини таъкидлаб ўтган эди. Келинг, бунинг исботи сифатида аниқ мисолларга мурожаат этайлик.

Иккинчи гуруҳ ногирони Фаридун Ибрагимов 2017 йилнинг 25 майида Самарқанд вилоят Халқ қабулхонасига қуйидаги шикоят-ариза билан мурожаат қилган эди:

«Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлимида ишлаб юрган вақтимда, иш пайтида тан жароҳатини бош қисмимда олиб, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб, нафақага чиққан эдим. 2004 йилдан бери бирор маротаба санаторияга борганим йўқ. Ички ишлар бошқармаси поликлиникасидан ҳар йили сўрайман, «эрта-индин», деб алдаб келишади. «Йўлланма бўлса қўнғироқ қиламиз», дея, қуруқ ваъда беришади. Қонун доирасида мен ва хотинимга йўлланма беришлари керак. 

Бир ой олдин борганимда, «йўлланма бўлса, ўзимиз қўнғироқ қиламиз», деб алдашди. Мен давлатимиз учун ярим жонимни бериб, ногирон бўлдим. Қачонгача буларнинг қуруқ ваъдасига ишониб юриш мумкин? Мен қонуний йўлланма учун уларга фарзандларимнинг ризқидан қирқиб, бирор нарса беришим керакми? Уч фарзандим бор, хотиним ишламайди. 

Поликлиника бош ҳисобчиси Ринат Тошев «қачон йўлланма бўлса, ўзимиз телефон қиламиз», деб бир ойдан бери қўнғироқ қилмайди. Даволанишда менга қараш учун хотиним ёки бошқа бирор яқиним бориши керак. «Керак бўлса, бир йил ёки ўн йил кутасиз», деганидан кейингина шикоят қилишга мажбур бўлдим. 

Менга тоғли ҳудудга бориб даволаниб келишим учун йўлланма олишимга ёрдам беришларингизни сўрайман. Акс ҳолда, Президент портали ҳамда интернет сайтига чиқишга мажбур бўламан». 

Ф. Ибрагимов вақтида, яъни 15 кундан сўнг Халқ қабулхонасидан жавоб олмагач, 22 кун деганда яна у ерга мурожаат қилди. Халқ қабулхонасидан поликлиникага қўнғироқ қилиб, факс орқали жавоб хатининг нусхасини олишди. Мана ўша жавоб мактуби:

« Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали йўллаган вилоят ИИБ томонидан 26.05. 2017 йилдаги 1/вм-2872-сонли сипориш билан рўйхатга олинган. Тоғли жойларга бориб, даволаниб келишга йўлланма олишга ёрдам беришни сўраб ёзган аризангиз ИИБ Тиббиёт бўлимининг маъсул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди ва сизга шуни ёзиб маълум килидики, Сизнинг ҳақиқатдан ҳам иккинчи гуруҳ ногирони эканлигингиз касаллигингиз иш вақтида ортирилганлигини ҳақида ИИБ Тиббиёт бошқармасига хат орқали чиқилди ва Сиз учун тоғли ҳудудда жойлашган санатор курортлардан бирига июл ойига талабнома берилди. Турмуш ўртоғингизга ИИВ қонунига асосан ҳозирча рухсат берилмаганлигини маълум қиламиз». (Жавоб хати таҳрирсиз берилмоқда).

Бошқарма Тиббиёт бўлими бошлиғи имзосининг тагида «Ибрагимов нусхасини олди 07.06.17» ёзуви мавжуд. Гўёки аризачи жавобни белгиланган муддатда олган экан. Ибрагимов поликлиникага бормасдан жавобни қандай олган бўлиши мумкин? Агарда жавобни почта орқали жўнатганда, почта квитанцияси тикилган бўларди. Қисқаси, ногирон Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, у ердан жавоб хати олган эмас. Шу сабабли, чорасиз қолган Ф.Ибрагимов журналистга мурожаат қилишга мажбур бўляпти. 

Худди ана шундай ҳолат Самарқанд шаҳрининг Жулматов кўчаси 16-уйда яшовчи Зиёдулло Ниёзов билан ҳам рўй берди. Зиёдулло ака ҳамда хотини нафақахўрлар шаҳарнинг Сўғдиёна мавзесидаги 78-уй 14-хонадондан Жулматов кўчасидаги уйга кўчиб ўтишлари сабабли, нафақаларини 60-сонли почта бўлимидан 32-почтага ўтказишни сўраб ариза ёзишади. 2017 йилнинг июнь ойи нафақасини олгани почтага боришса, Зиёдулло акага нафақа бору, хотинига йўқ. Сабабини билиш учун Самарқанд шаҳар Бюжетдан ташқари пенсия жамғармасига борганида умр йўлдоши Башорат Раҳимованинг ҳужжатлари йўқолганлиги маълум бўлади. Бундан хабардор бўлган З.Ниёзовнинг ҳуши бошидан учади: олти йилдан бери нафақа олиб келган кишининг ҳужжатлари идорада қандай қилиб йўқолиши мумкин? Хотини юрак ва қанд касали билан ётиб қолгани, нафақа пулларига дори-дармон сотиб олишини тушунтиришга ҳаракат қилади. Аммо «осмон баланд, ер қаттиқ» деганларидек, Пенсия жамғармасидан ҳеч қандай натижа чиқмайди. 

Зиёдулло ака мажбур бўлиб, вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Халқ қабулхонаси билан Пенсия жамғармаси ёнма-ён жойлашгани учунми ёки аризалар сонини купайтирмаслик сабаблими, қабулхони масъули аризани қайд қилмайди. У Пенсия жамғармасидан ходимни чақириб, аризачига ёрдам беришни сўрайди. Бу ишда пенсионерга ёрдам бериши керак бўлган ходим Аброр Боймуродов «эрта келинг, индин келинг», дейишдан нарига ўтмайди. 

З.Ниёзов ҳам журналистга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Биз биргаликда А.Боймуродовга учрашганимизда, у барча ҳужжатларни бир ҳафта–ўн кунда тахлашни ваъда бераган эди. Зиёдулло аканинг хотинига июнь ойи учун нафақа ёзишади, июль ойиники августники билан қўшиб берилишини ҳамда ҳужжатларни архивдан топиб, қайтадан тиклашаётганлигини маълум қилишади.

Ўз ўзидан савол туғилади: журналист бажарган ишни нима учун Халқ қабулхонаси бажара олмади? Унга шаҳардаги катта бинони бериб қўйишган бўлса, бер неча киши яхшигина ойлик маошни бюджетдан олишса-ю, давлат ва халқнинг ишончини оқламасликларининг сабаби нимада? Боз устига, шикоят-аризалар журналистларга ёки юқори ташкилотларга, яъни Тошкентга юбориладиган бўлса, унда бу ерда Халқ қабулхонаси нима учун керак? 

Муртазо Турсунов,
журналист.

Кўпроқ янгиликлар