Бокс халқаро ассоциацияси (AIBA) Россияга 2019 йилги жаҳон чемпионатини ўтказишга рухсат берди. Ушбу қарор 24 июль куни Москвада ўтказилган AIBA ижроия қўмитаси йиғилишида қабул қилинди. 

“Халқаро мусобақа Сочидаги “Айсберг” саройида ўтказилади”, деб хабар берди Россия Бокс федерацияси бош котиби Умар Кремлев ТАСС ахборот агентлигига.

Мусобақанинг ўтказилишига Россиядан ташқари Ҳиндистон, Украина, Таиланд ҳамда Туркия даъвогарлик қилган.

Эркаклар орасидаги бокс бўйича жаҳон чемпионати охирги марта Собиқ иттифоқ/Россияда 1989 йил ўтказилган. Россия аёллар бўйича жаҳон чемпионатини 2005 йилда қабул қилган, мусобақа Подольскда ўтган.

Халқаро бокс ассоциацияси конгресси 2018 йил Россияда бўлиб ўтади. Ушбу қарор ҳам Москвада бўлиб ўтган йиғилишда қабул қилинди. 

Бокс бўйича жаҳон чемпионати 2019 йил Россияда юқори савияда бўлиб ўтади. Бундай ишончни ТАСС ахборот агентлигига AIBA президенти Чинг-Куо Ву билдирди. 

“Россия бокс Федерациясининг янги раҳбарияти ушбу спорт турини оммавийлаштиришда жиддий ва мақсадли ишларни олиб бормоқда. Россия жаҳон чемпионатини энг юқори савияда ўтказишига ҳеч ҳам шубҳа қилмайман, негаки мамлакат тажриба ва барча зарурий инфратузилмаларга эга”, деб айтган Ву.