Ўзбекистон 2018-2020 йилларда босқичма-босқич равишда суғурта компаниялари низом жамғармасидаги энг кам миқдорга бўлган талабни кенгайтиришни режалаштирмоқда. 

Ўзбекистон Молия вазирлиги ишлаб чиққан ва норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталига қўйилган мамлакат молия бозорини ўрта ва узоқ истиқболда ривожлантириш Концепциясида шу ҳақда сўз боради. 

Ҳужжатда қайд этилишича, 2018-2020 йилларда суғурта компаниялар низом жамғармаларининг энг кам миқдори ҳажми оширилади. Бунда суғурта фаолият турлари эътиборга олинади. 

Лойиҳага кўра, 2018 йил 1 июлдан эътиборан умумий суғурта соҳасида фаолият юритувчи суғурта компанияларининг низом жамғармаси 2,5 млн евро (ҳозир 1,5 млн евро) миқдоридаги маблағга тенг бўлиши керак. 2020 йил 1 июлдан бу рақамни 4 млн еврога етказиш талаб этилади. 

Ҳаётни суғурталовчилар учун ҳам бу миқдор 2018 йл 1 июлдан бошлаб 2,5 млн еврони, 2020 йил 1 июлидан 4 млн еврони ташкил этади. 

Мажбурий суғурта соҳасида фаолият юритувчи компаниялар учун энг кам низом жамғармаси 2018 йил 1 июлидан 4,5 млн евро (ҳозир 3 млн евро), 2020 йил 1 июлидан 6 млн евро этиб белгилаш режалаштирилган. 

Фақат қайта суғурталаш билан шуғулланувчи компаниялар 2018 йил 1 июлга келиб низмо жамғармасини 6 млн евро (ҳозир ҳам 6 млн евро)га, 2020 йил 1 июлда 8 млн еврога етказишлари керак.