Туркия илгарироқ терроризмни қўллаб-қувватлаётгани гумон қилинаётган ташкилотлар қора рўйхатига қўшиб қўйилган Германия компанияларига нисбатан шубҳасидан воз кечди. 

Deutsche Welle’нинг Spiegel асосланиб хабар беришича, бу ҳақда Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлу ГФР ИИВ раҳбари Томас де Мезьерга телефон орқали маълум қилган. Бундай рўйхатнинг пайдо бўлишини у «тушунмовчилик» деб атаган. Турк вазирининг қўшимча қилишича, Германия фирмаларига нисбатан тергов ҳаракатлари бошланмаган ва олиб борилмайди.

«Аксилтеррорчилик рўйхат»ни Анқара Берлинга Интерпол орқали 2017 йил майида жўнатган эди. Рўйхатга қўшилган 681 компания ичида BASF ва Daimler каби компаниялар ҳам бўлган.

20 июль куни Германия ТИВ ушбу рўйхатнинг пайдо бўлиши, шунингдек, Туркияда германиялик журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳибсга олиниши ортидан Туркияга нисбатан муносабатлар ўзгаришини баён қилган эди. Берлин Анқарага инвестициялар ва кредитлар ажратиш шартларини қайта кўриб чиқишни эълон қилиб, ГФР фуқароларини эса Туркияга сафар чоғидаги хатарлардан огоҳлантира бошлади. Ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэль ҳам Туркиянинг Европа иттифоқига аъзо бўлишига тайёргарлик кўриши доирасида ЕИ давлатларидан олинадиган ёрдам шартларини қайта кўриб чиқишга чақирди.

23 июль куни ГФРнинг Туркияга нисбатан курси ўзгарганини Австрия ташқи ишлар вазири Себастьян Курц ҳам қўллаб-қувватлади. Уҳам Европа иттифоқи давлатларини Туркия билан муносабатларда бирдамликка чорлаган ва Туркиянинг ЕИга аъзо бўлиши борасидаги музокараларни тўхтатиш йўлида курашни давом эттиришини эълон қилган, деб ёзади DW Welt am Sonntag’га таяниб.