Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Германия ва Туркия ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорликни ўртага тикмоқда, унинг хатти-ҳаракатига тўғри жавоб қайтариш керак. Бу ҳақда ГФР молия вазири Вольфганг Шойбле Bild газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Ҳозир Эрдўғаннинг ҳаракатларига тўғри жавоб топиш керак. У Туркия ва Германия ўртасидаги кўп йиллик шерикликни ўртага тикмоқда", - дея ҳисоблайди Шойбле. Унинг сўзларига кўра, бу “вазиятнинг драматик тарздаги ривожи”, сабаби немис ва туркларни “кўп нарса боғлаб туради”.

"Бироқ биз ўзимизни шантаж қилишларига йўл қўя олмаймиз", - дея таъкидлаб ўтди Шойбле.

Пайшанба куни ГФР ТИВ раҳбари Зигмар Габриэль Берлин Анқарага нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқиши ҳақида маълум қилди. Икки томонлама муносабатларнинг янада кескинлашиши, Туркияда олти нафар ҳуқуқ ҳимоячиси, жумладан, немис Петер Штойдтнернинг қўлга олинишидан сўнг юз берди.

Улар террорчилик гуруҳлари фаолиятига кўмак кўрсатишда айбланмоқда.