Бухоро  шаҳар ИИБга, Жондор тумани, Зарафшон кўчаси 78-уйда яшовчи, 1955 йилда туғилган нафақадаги Р.Ражабов ариза билан мурожаат қилди, деб хабар қилди Кун.uz’га Бухоро ИИБ.

Маълум бўлишича, Ражабов Жондор туман, Зарафшон кўчасида ўзига тегишли бўлган “Дамас” русумли автомашинасида нотаниш аёл йўловчи сифатида чиқиб, Бухоро шаҳар Шафтолизор кўчасида автомашинадан тушаётган вақтида автомашина салонининг олд қисмида турган, автомашина эгасига тегишли қора рангли сумкага солинган жами 1.500.000 сўм нақд пулларини унга сездирмасдан яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойдан яширинганлигини билдирган.

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суруштирув тадбирлари давомида ушбу ўғрилик жиноятини Бухоро тумани, А.Шокиров МФЙ, Урганжихона қишлоғида яшовчи, муқаддам судланган, 1976 йилда туғилган Гулчеҳра Тўраева содир қилганлиги шу куннинг ўзида аниқланди ва Г.Тўраевадан 1.500.000 сўм пуллар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Г.Тўраевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.