Маълум бир машинанинг меъёрий краш-тест доирасида йўл-транспорт ҳодисаси сунъий равишда келтириб чиқарилади. Бунда машина соатига 64,34 км тезликда маркази бироз четлаштирилган ҳолатда бетон тўсиққа келиб урилади. Ёки тўсиқ соатига 50 км тезликда машинанинг ҳайдовчи ўтирган томонига келиб урилади. Баъзан паст ёки ўрта тезликларда орқадан келиб урилиш ҳолатлари ҳам синаб кўрилади. 

Олинган натижалар истеъмол сифатига таъсир кўрсатади ва ҳайдовчида хавфсизлик борасида хомхаёлни шакллантиради. Бироқ, ҳаётда IIHS таснифи бўйича 5 юлдузли машиналарнинг дарахтга келиб урилганда парчаланиб ётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Автомобилнинг олдинда кетаётган тиркама остига кириб кетиши деярли доимо ўлим билан якунланади. Шунга қарамай, айтиш жоизки,сўнгги бир неча ўн йиллар давомида ўтказиб келинаётган  автомобиль ҳалокатларига доир тестлар ЙТҲларда жароҳатлар олиш сонини камайтиришга хизмат қилмоқда. Қуйида шу тестлар орасида энг даҳшатли натижа кўрсатган 8 та синовдан хабардор бўлишингиз мумкин. 

Йирик автомобиль кичигига қарши

Одатда автомобиль қанча йирик бўлса кичик машина билан тўқнашувда устун келади, деган тасаввур ҳосил бўлади. Ҳар ҳолда 40 йиллар аввал шундай бўлган. 1971 йилда суратга олинган фильмни кўриш кифоя қилади. Аммо, кичик ҳажмли машиналар ўшандан бошлаб мустаҳкамроқ бўла бошлади. Натижада кўплаб хавфсизлик ёстиқчалари билан жиҳозланган кичик машиналар йўловчиларига жиддий автофалокатларда тирик қолиш имконини беради. Буни «F-150 vs Civic» краш-тестида ҳам кўриш мумкин.

Шунга қарамай, таъкидлаш лозим, инерция қоидасини ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Шу боисдан ҳам йирикроқ автомобилда соғ қолиш эҳтимоли катта.

Портловчи машина

1971-1978 йилларда ишлаб чиқилган Ford Pinto митти автомобили портловчи машина деб аташган. Краш-тестлар натижаси шуни кўрсатганки, автомобиль ортидан келиб урилган машина йўловчиларининг ҳам тирик қолиш имкони кам бўлган. Америкада «Woe the Pinto» яъни «Пинто қайғуси» деб аталган жараён автомобилсозликда ҳаддан ортиқ арзончилик ортидан қувиш жуда хавфли эканини исботлайди. Муҳандислар 2 минг доллар атрофидаги автомобилни ишлаб чиқаришни мақсад қилишди. Имкони бор барча нарсада иқтисод қилишди. Натижада ёқилғи идиши орқа ўқ устига жойлашиб қолди. Аслида компания машинага орқадан келиб урилган тақдирда ҳам портлаш юз бериши мумкинлигини билган. Аммо, ҳисоб-китоблар шуни кўрсатганки, ҳар бир машинани 11 долларга қимматроқ сотгандан кўра, эҳтимолий энг йирик товон пули тўлаш арзонроқ бўлган. 1978 йилгача ҳаммаси жойида эди. Ўша йили Америка ҳаракатланиш хавфсизлиги миллий бошқармаси Ford Pinto краш-тестиига доир фильмни намойиш қилганидан сўнг ҳаммаси аксинча авж ола бошлади. 

68 миллисонияда ҳаётдан кўз юмиш

Лавҳани кўриб, тасаввур қила оласизми, қандай бўлганини? 1990 йиллардаги Ford Focus ичида икки киши кетмоқда: қора кўзойнак тақиб олган ёш йигит ва унинг маъшуқаси. Улар ёш бўлгани сабабли шамолдек елиб боришмоқда. Машина панелида соатига 190 км тезлигини кўриш мумкин. Ҳайдовчи қизиқ ҳодисани сўзлаб бераётганда бир сонияга эътиборини чалғитди. Аммо, йўлга қайта қараганида жуда кеч бўлган эди. У йўл ўртасида тўхтаб турган юк машинасига кўзи тушди. Йигит ҳатто тормозни босишга ҳам улгурмади, ҳаммаси бир онда тугади. Британиянинг «Бешинчи узатма» номли Тв-шоусида йигит ва қизга нима бўлгани тест воситасида намойиш этилди. Уларнинг ўрнини эгаллаган манекенар 68 миллисонияда «ҳалок бўлишди». Ролик муаллифлари бундай катта тезликда хавфсизлик тизимлари умуман фойда бермаслигини таъкидлашган.

Лимузинда хавфсизлик камарларини боғлашни унутманг

Британиянинг яна ўша «Бешинчи узатма» кўрсатуви Lincoln лимузинини соатига 80 км тезликда тўсиққа уриб кўрди. Шунчаки кўнгилхушлик учун эмас, тажриба учун албатта. Маълум бўлишича, машина салони, аниқроғи йўловчилар қисми бутун қолган, аммо қувноқ «йўловчилар» ҳалок бўлишган. Бунга сабаб, уларнинг хавфсизлик камарларини тақмаганликларида. Шундай қилиб, уч нуқтали хавфсизлик камарини ўйлаб топган Нильс Болин кашфиёти Lincoln лимузини каби машинада кетаётган бўлсангиз ҳам долзарблигини йўқотмайди.

Тарих такрорланиб туради

Ҳиндистоннинг дунёдаги энг машҳур машинаси Tata Motors компанияси ишлаб чиққан Tata Nano автомобилидир. У жуда ҳам арзон туради. Ҳиндлар 2009 йилдан ўзларининг ўта ҳамёнбоп машиналарини 2,5 минг доллардан сотишни бошлар экан, Ford Pinto муаллифларидан ҳам ўтиб тушишди. Чунки, 1971 йилги 2 минг доллар ҳозирги долларга нисбатан 2 карра қадрлироқ эди. Яна ўша тарих такрорланди. Tata Motors автомобили Европа дастури бўйича краш-тестда ноль балл олди. 

Юк машинаси тиркамаси остига кириб кетиш оқибати

Оқибати аксар ҳолларда ўлим билан тугайдиган ва тез-тез содир бўлиб турадиган автоҳалокатлар бири бу машинанинг олдинда ҳаракатланаётган машина тиркамаси остига кириб кетишдир. Бундай ҳодисалар камроқ содир бўлиши учун фураларнинг тиркамаларига махсус тўсиқлар ўрнатилади. Тўғри ҳимоя бамперлари ўз вазифасини бажара олмаяпти, деб бўлмайди. Аммо, краш-тест акс этган лавҳада Chevrolet Malibu ҳайдовчисининг, хавфсизлик ёстиқчалари ишлаган бўлса-да, «тирик қолиш»га имкони бўлмади. IIHS экспертларининг фикрича, ушбу даҳшатли краш-тест ишлаб чиқарувчиларни том маънода хавфсиз тиркамаларни ишлаб чиқишларига туртки беради. 

Автомобиллар хавфсизроқ бўлиб бормоқда

2009 йил намунасидаги ўрта таснифли Chevrolet Malibu автомобили соатига 60 км тезликда 1959 йилда ишлаб чиқилган Chevrolet Bel Air юзма-юз тўқнашди. Қизиғи шундаки, кўплаб автомобиль ишқибозлари оғирроқ бўлган машина устунлигини тахмин қилишган эди. Аммо, IIHS лавҳаси бунинг аксини кўрсатади. Тўқнашувда Chevrolet Bel Air парча-парча бўлиб кетган. Унинг манекен-ҳайдовчиси кўплаб оғир жароҳатлар олган ва кўкрак фақаси букилган металлар билан қисилиб қолган. Аксинча, Malibu ускуналар панели деярли жойидан силжимади ва ҳатто олд ойна ёрилган бўлса-да жойида қолди. IIHS ташкилотига раҳбарлик қилган Адриан Лунд бу натижани «кун ва тун» деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, 50 йил ичида автомобилсозлик дунёси анча хавфсизлашган.