Бугун, 24 июль куни соат 10:00дан «Ўзбекистон 24» ахборот-таҳлилий телеканали эфирга чиқди. Канал яқинда ёпилган Diyor канали частоталарида фаолият кўрсатади.

Телеканал янги шаклдаги янгиликлар журналистикаси формати асосида ички ва ташқи сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб тўғридан-тўғри 24 соат давомида эфирга чиқади.

Эфир Ўзбекистон давлат мадҳияси билан бошланди. Шундан сўнг ўзбек, рус ва инглиз тилларида жамоа билан таништирилди.

Эфирнинг биринчи соати давомида канал ҳаётидан лавҳалар, таниқли шахслар, жумладан россиялик кардиожарроҳ Лео Бокерия, Ҳиндистон ва Қозоғистон элчилари, олимлар, журналистлар ва оддий томошабинлар табриклари намойиш этилди.

Ушбу телеканални очиш таклифи май ойида мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилганди. Ўзбекистоннинг янги президенти бир неча марта журналистларга янгича ишлаш ҳақида гапирганди.

Телеканал очилиши президент туғилган куни билан бир кунга тўғри келди.

Янги телеканалда 251 ходим ишлайди, уларнинг аксари аввал ҳам МТРК тизимида фаолият юритган. Телеканал хорижда ҳам мухбирлик ўринлари очишни режалаштирган. Режага кўра, телеканалнинг 9 давлатда мухбири бўлади.

Бунга қадар МТРКнинг 9 та каналида 56 та янгиликлар дастури эфирга узатилган. Янги каналда бир вақтнинг ўзида «O‘zbekiston 24» ва «Ўзбекистон» каналларида намойиш этилувчи «Ахборот» ва «Таҳлилнома» ахборот-таҳлилий дастурлар тайёрланади.