Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган 58-Халқаро математика олимпиадасида жаҳоннинг кўплаб давлатлари қатори, ўзбекистонлик ўсмирлар ҳам иштирок этишди.

Ўзбекистонликлар битта кумуш медаль, тўртта фахрий ёрлиқ билан қайтишди. Бу ҳақдаги маълумот халқаро математика олимпиадасининг расмий сайтида келтирилган.

Шуҳрат Исмоилов раҳбарлигидаги ўқувчилар гуруҳидан Абдумалик Абдуқаюмов абсолют 82 балл, нисбатан 86,81 фоиз натижа кўрсатиб, кумуш медалга сазовор бўлган. Шунингдек, Даврбек Олтибоев, Толибжон Исмоилов, Дониёр Яздонов, Дониёрбек Матёқубов эришган натижалари учун мақтов ёрлиғи билан тақдирланишган.

Вакилларимиз умумжамоа ҳисобида 69 балл тўплашди. 170 балл тўплаган жанубий кореялик ёш математиклар биринчи, хитойликлар иккинчи (159), Вьетнамдан келган ўқувчилар учинчи ўринни (155) эгаллашди. Кучли ўнликдан АҚШ (148), Эрон (142), Япония (134), Сингапур, Таиланд (131), Буюк Британия ва Тайвань (130) ўрин олган.