Бугун Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида умумий видеоселектор мажлис бўлиб ўтмоқда. Мажлисда президентнинг «2017-18 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарори ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича вазият муҳокама этилмоқда.

Кун.uz мухбири берган маълумотга кўра, мажлисда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов тест синовлари ўтадиган 28та олий, 61та умуммактаб, 31та академик лицейда 142 та бино ва 5832 та аудитория белгилаб олингани ҳақида маълумот берган. Бу борадаги тегишли ишларга ҳокимлик масъул ходимлари бириктирилган. 29 июль кунигача барча жойларда тайёргарлик бўйича далолатномалар тузилади. 30 июль куни соат 10:00да тайёргарлик машғулоти ўтказилади. Бундан ташқари, ҳоким бош вазирдан 1 август куни Тошкентдаги жамоат транспорти ўз ишини соат 4:30дан бошлаши ҳақида рухсат сўраган. Арипов бунга рухсат берган. Тошкентда тест синовларини ўтказиш бўйича хавфсизликни таъминлаш мақсадида 5 мингдан ортиқ ички ишлар ходимлари, 140 та хизмат транспортлари, 1,5 мингга яқин металл детекторлар ажратилади.

Ариповнинг айтишича, тест ўтадиган объектлар бўйича камчилик қатор олий таълим муассасаларида мавжуд. Хусусан, абитуриентлар сонининг режадан ортиқ ўсиши ҳисобга олинмаган ва тест синовларига зарур бўлган бино ҳамда аудиториялар тайёрланмаган ОТМлар қаторида Қарши давлат университети, НамДУ, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент молия инстиути, Тошкент давлат стоматология институти, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент темир йўл муҳандислари институти тилга олинган.