АҚШнинг Three Square Market компанияси ўз ходимлари қўлларига бепул равишда тери ости микрочипларини ўрнатмоқчи. Ўлчами гуруч донидек келадиган ва нархи 300 долларлик микросхема компания персоналига иш жойидаги қурилмалар билан ишлашга тез ва осон рухсат олишга имкон беради.

Мисол учун, чиплар компьютерларга уланишда, офис техникасидан фойдаланишда ва ҳаттоки маҳсулотлар харид қилишда ёрдам беради. Компаниянинг 85 ходимидан 50 нафари бу тажрибада иштирок этишга розилигини берган.

"Халқаро бозор барча учун очиқ ва фикримизча, келажакда унинг катта қисмининг ҳаракатланиш йўналиши бу саҳнани биринчи бўлиб эгаллайдиганлар томондан белгиланади", деб айтган компания вакили Патрик МакМуллан.

Компанияда тушунтирилишича, чипни тери остига жойлаштириш ва уни у ердан чиқариб олиш шприц ёрдамида амалга оширилади ва бор-йўғи 2 сония вақт олади.

Маълум қилинишича, чип банк карточкаси каби ишлайди, у GPS имкониятларига эга эмас ва шу сабабли уни кузатиб бўлмайди.