Виржиния штатидан конгрессмен Дон Байер федерал хизматчиларга хизмат сафарлари вақтида АҚШ президенти Дональд Трамп меҳмонхоналарида тўхташни тақиқлашни таклиф қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Демократчи Байер конгрессга Трампга "солиқ тўловчилар ҳисобига бойишга" халақит беришга қаратилган 4 та тузатмани киритди. Гап йилига 9 млрд доллар ҳақида кетмоқда – ҳукумат хизмат сафарлари ва улар билан боғлиқ харажатларга айнан шунча миқдорда пул сарфлайди.

Когрессменнинг айтишича, у қонун лойиҳасига тузатмаларни "ўз бизнесидан воз кечишни истамаётган республикачи президентнинг мисли кўрилмаган ҳаракатлари ҳамда Трамп ташкилотлари ва Оқ уй ўртасида давом этаётган  чалкашликлар" сабабли киритишни таклиф қилган.

Трамп кўплаб меҳмонхоналар, казино, гольф-клуб ва бошқа кўчмас мулк объектларига эга. Трамп сайловларда ғолиб бўлгандан кейин ўз бизнесини ўғилларига топширишини айтган, бироқ компаниясини сотишдан бош тортган. Шу сабабли Оқ уй эгаси мухолифат томондан танқид қилинади. Мухолифат Трамп хатти-ҳаракатларида манфаатлар зиддияти мавжудлигини таъкидлайди.