Боливия президенти Эво Моралес 24 июлда WikiLeaks порталида ошкор қилинган маълумотларга таяниб, АҚШни унинг қотиллигига тайёргарлик кўришда айблади.

"WikiLeaks таҳлили АҚШ Боливиядаги айирмачиликни қўллаб-қувватлаганини, фавқулодда вазиятлар қўмитаси ва АҚШнинг Жанубий қўмондонлиги 2008 йилда Боливияда давлат тўнтариши ва президент Эво Моралеснинг ўлдирилиши имкониятини кўриб чиққанини кўрсатди", деб айтди Моралеснинг ўзи.

Моралес бу ҳақда Санта-Крус шаҳрида, наркотрафикка қарши махсус кучлар яратилганининг 30 йиллик юбилейи нишонланиши вақтида айтиб ўтди. Унинг айтишича, АҚШнинг Ла-Пасдаги элчихонаси ҳужжатлари Вашингтон Боливияда айирмачиликни молиялаштиришга миллионлаб доллар юборганидан дарак беради.

"2006-2009 йиллардаги электрон мактубларга кўра, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Боливиянинг шарқий департаментлари кирадиган, Ярим ой номи билан таниқли бўлган минтақадаги айирмачи ҳаракатларга камида 4 млн доллар берган", деб айтган Моралес.  

2008 йилда Пандо, Бени, Санта-Крус, Чукисака ва Тариха департаментлари мухолифат назоратида бўлган. Мухолифат бу департаментларга мустақиллик ва автономлик берилиши ғоясини илгари сурган. 

"АҚШнинг Боливия ҳукуматига қарши стратегияси радикал мухолиф гуруҳлар томондан амалга оширилиши, улар ҳукумат бу департаментларнинг ажраб чиқиши шартларини қабул қилиши учун газ қувурларини портлатиши керак эди", деб қўшимча қилган Моралес.