Daimler автоконцерни Германиянинг энг йирик бешта автомобилсозлик компанияси ўзаро тил бириктирганини биринчи бўлиб тан олди. 25 июлда Süddeutsche Zeitung нашрининг маълум қилишича, компаниянинг бундай йўл тутишидан мақсад – можародан юридик асоратларсиз чиқиш имкониятидир. 

Нашр маълумотларига кўра, Volkswagen компанияси ҳам аксилмонопол қонунчилик бузилганини маълум қилган, бироқ буни Daimler’дан кейин амалга оширган. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Volkswagen ўзига солиниши мумкин бўлган жарима санкциялари 50 фоизгагина юмшатилишига умид қилиши мумкин. 

24 июлда Германия вазирлар маҳкамаси вакили Ульрике Демме Европа Иттифоқининг монополияга қарши идоралари 5 та немис автокоцерни 1990-йиллардан бери ишлаб чиқариш ва машиналарни ўтказиш бўйича ҳаракатларини келишиб келганлари ҳақидаги ОАВ маълумотини текшираётганларини маълум қилганди.

Немис автоконцернлари ўз ҳаракатлари бўйича келишиб олганлари ҳақидаги хабарни 21 июлда Der Spiegel нашри тарқатганди. Бу келишувда гўёки Volkswagen, Audi, Porsche, BMW ва Daimler компаниялари иштирок этган. Бу вақт давомида 60 га яқин ишчи учрашув ўтказилиб, уларда концернларнинг 200 дан кўпроқ ходими иштирок этган. Компаниялар ўзаро рақобатни минимум даражага келтиришни кўзлаганлар.