Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШ Туркия томондан Россиянинг С-400 зенит-ракета мажмуалари сотиб олиниши мумкинлигидан хавотирланаётганига изоҳ берди.

"Улар нимадан хавотирланмоқдалар? Ҳар бир давлат ўз хавфсизлигини таъминлаш учун муайян чоралар кўришга ҳақли. Улар бошқа қурол борасида хавотир билдирмаяптилар, бироқ С-400 тизимлари ҳолатида хавотирланмоқдалар", деб айтган Эрдўған Анқара аэропортида Форс кўрфази давлатларига сафардан қайтгандан кейинги нутқида.

Эрдўғаннинг айтишича, "хавотир учун сабаблар бўлиши мумкин эмас". Унинг таъкидлашича, "мажмуаларни сотиб олиш бўйича музокаралар деярли якунланган".

Аввалроқ АҚШ қуролли кучлари штаблари бошлиқлари қўмитаси раиси Жозеф Данфорд Вашингтон Анқара томондан Москвадан С-400 тизимлари сотиб олинаётганидан хавотирдалигини маълум қилган. Америкалик генерал бу ҳақда Аспен шаҳрида ўтган хавфсизлик бўйича анжуманда айтиб ўтган.