Канаданинг Британ Колумбияси вилояти олий суди Уинстон Блэкмор ва унинг собиқ куёви Жеймс Олерни кўп хотинликда айбдор деб топди, деб хабар бермоқда Yahoo News нашри.

Ҳозирда 61 ёшда бўлган Блэкмор 1990 йилдан 2014 йилгача 24 аёлга уйланган, унинг 145 фарзанди бор. 53 ёшли Олерда эса 5 хотин бор. Уларга 5 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин. Суд якуний жазо ҳукмини кейинроқ чиқаради.

Нашр маълумотларига кўра, эркакларнинг иккиси ҳам епископ (мормон) бўлган. Судланувчилар кўп хотинликнинг 1,5 минг тарафдорини бирлаштирувчи Баунтифул жамоасида яшайдилар.

Блэкмор хотинлари кўплигини инкор этмаган ва унинг барча никоҳлари черков қоидаларига кўра тузилган. Айнан шунинг учун прокуратура 20 йил давомида унга айб қўя олмаган. Бунинг нозик жойи шунда эдики, кўп хотинликни тақиқлаш дин эркинлиги ҳуқуқини бузган бўларди.

2011 йилда суд тартибида кўп хотинлик асоратлари дин эркинлигини чеклашга етарлича асос бериши ҳақида қарор қилинган. Бунинг натижасида Олер ва Блэкмор 2014 йилда жавобгарликка тортилган.

Блэкмор адковатининг айтишича, Блэкмор агар айбдор деб топилса, кўп хотинликни тақиқловчи меъёрлар бўйича баҳслашмоқчи.

Блэкмор епископлик қилган фундаментал черковнинг собиқ президенти Уоррен Жеффс балоғатга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қўллагани сабабли ҳозирда умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда. Баъзи маълумотларга кўра, у бу черковни ҳанузгача бошқариб келади.

Ушбу черков кўп хотинликдан 19-аср охирида воз кечган, бироқ черков ҳар қанақасига тан олишни истамайдиган фундаменталчи-мормонлар ҳанузгача кўп хотинликка амал қилиб келадилар.