Қашқадарёда ўз қўшнисини уриб ўлдирган 17 ёшли йигит 6 йилга қамалди

Жамият 25 Июль 2017 9719

Жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани суди томонидан вояга етмаган Аброржон Солиевга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Эндигина 17 баҳорни қарши олган йигит умрининг олти йилини панжара ортида ўтказишган маҳкум этилди. Тенгдошлари ҳаётда ўз ўрнини топиб кетаётган бир пайтда у жиноятчи деган ном орттирди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Қўшни аёлнинг қисқириғи Моҳира опани сергаклантирди. Гулзоранинг эри янада ичибди-да! Қизлари улғайиб қолди, эсини йиғиб олса бўлмасмикин-а, ҳар куни маст бўлиб томоша кўрсатмасдан? Қанча маслаҳат қилинди. Бир неча бор эр-хотинни яраштириб ҳам қўйишди. Аҳвол ўзгармади. Шокир ўзгариш ўрнига баттар одамгарчиликдан чиқди. Ҳалиям бечора Гулзоранинг жони тошдан экан. Шунча ур-калтакларга чидаб келаяпти. Моҳира опа ўзига-ўзи гапирганича, юмушларида давом этди. Қўшнисининг қизлари келиб, ёрдам сўрамаганида, асло уларнинг можаросига аралашмаган бўларди. Моҳира опа ариқдаги сувга қўлини ювиб, қўшнисининг уйига борди. Бу пайтда Шокир телбалардек бақириб, ҳовли бўйлаб хотинини қувиб юрарди. Жанжални бир ўзи бостира олмаслигига кўзи етиб, Моҳира опа одамларни ёрдамга чақириш учун кўчага ошиқди...

Феруза опа даладан қайтган қўйларини қўрага қамаётган ўғли Аброржонга опасининг уйидаги электр симларини тузатиб беришни айтди. Йигитча кун бўйи қўйларнинг кетидан юравериб чарчаган бўлса-да, онасининг гапи билан йўлга тушди. 

-  Бу ёққа қаранг! – Аброржон кўчада ҳаяжон ва бетоқатлик билан чақирган қўшниси Моҳира опага нима гап дегандек қаради. – Анави Шокир яна маст бўлиб, уйида тўполон кўтараяпти. Ажратмасак, хотинини ўлдириб қўядиган шашти бор. Илтимос, ёрдам бериб юборинг.

Аброржон маҳалладоши Шокир аканинг феълини яхши биларди. Ичиб олгач, унинг тўполон кўтариши, аёлини аёвсиз калтаклашидан хабардор эди. Шу боис, Моҳира опага эргашиб, жанжал бўлаётган уйга борди. Шокир ҳамон тинчланмаганлигини, Гулзоранинг ёқасидан тутиб, силтаб турганлигини кўришди. Йигитча ёш бўлса-да, Шокирнинг ёнига яқинлашиб, жанжални бас қилишни сўради.

-  Сен аралашма! – деди Шокир. – Бу оилавий масала, эртага бошингга тушса, биласан!

Ўн саккиз ёш остонасидаги йигитча учун бу чиндан ҳам тушунарсиз ҳол эди. Эр-хотиннинг жанжали нима сабабдан бошланади-ю, қандай тугайди, буниси унга қоронғи эди. Шу сабабли Аброржон ортиқча гап қилмай, “унда ўзингиз биласиз” деганча ортига қайрилди. Шу вақт Шокир хотинини куч билан итариб юборган эди, Гулзора боши билан деворга урилди. Аёл йигитга илтижоли термулиб, ёрдам сўради. Аброржон бу вазиятни кўра туриб, бефарқ кета олмади. Иложсиз қолган аёлга ёрдам қўлини чўзишни истади. Ортига қайтиб, яна Шокирга хотинини уришни бас қилишини айтди. Мастлик таъсирида оёқда зўрға турган қўшниси унга бир нималарни тушунтира бошлади. Гулзора бундан фойдаланиб, кўчага отилди. Шокир сўкинганича хотинининг ортидан қувиб кетди.

Аброржон эр-хотин опасининг уйи томонга кетганлигини кўриб, ўша томонга юрди. Етиб борганда Шокир хотинини уриб, ҳушидан кетказганлигининг гувоҳи бўлди. Моҳира опа ва бошқа қўшни аёллар Гулзоранинг юзига сув сепиб, уни ўзига келтиришди. Шу пайт қаердандир келиб қолган Шокир яна хотинининг қўлидан тортиб, уйига судрай бошлади. Аёллар эса Шокирга қаршилик кўрсатиб, Гулзорани Моҳира опанинг уйига киритиб юборишди.

Аброржон опасининг ишини тугатиб, айланма йўл билан уйига келганида онаси йўқ эди. Опамникига кетган бўлса керак, деган ўй билан яна опасининг уйига борди. У ерда онаси Гулзора билан гаплашиб турганини кўрди. Шу вақт жабрдийда аёлнинг қизлари келиб, отаси чақираётганини айтишди. Гулзора уйга бормаслигини айтиб, қизларини қайтариб юборди. Албатта, буни тушунса бўларди. Аёл ҳар доим такрорланадиган тўполон ва хўрликлардан безган эди. Аммо бормаса, бошқаларни ҳам беҳаловат қилишини яхши биларди. Ҳам қўрқув, ҳам ноиложлик юрагини исканжага оларди. Феруза опа аёлнинг изтиробларини ҳис қилиб, у билан бирга кўчага чиқди. Мабодо Шокир яна тўполон кўтарса, бечора аёлни ўз уйида олиб қолиш нияти ҳам йўқ эмасди.

Аброржон онаси ортидан бораркан, йўл ўртасида кенжа боласини кўтариб турган Шокирга кўзи тушди. Шокир жаҳл билан болани хотинига берди-да, уни қўлидан тортиб, уйига олиб кетмоқчи бўлди. Гулзора уйга бормаслигини, борса уришини айтиб, қаршилик кўрсатди. Ғазабнок эр бу гапдан сўнг болани хотинидан қайтариб олмоқчи бўлди. Бироқ мувозанатини сақлай олмай, ариққа йиқилди. Қўрқиб кетган бола чинқириб йиғлай бошлади. Шокир ғудранганича ўрнидан туришга ҳаракат қилиб, оғзига келганини қайтармай сўкина бошлади.

Феруза опа Гулзора уйига бормаса, эри тинчланмаслигини тушуниб, уни уйига қайтишга кўндирди. Барчаси шу билн якун топиши ҳам мумкин эди. Бироқ, ундай бўлмади.

Шокир амаллаб ўрнидан тургач, хаёлида Феруза опа хотинини унга қарши қайраётгандек туюлди. Шу аёл бўлмаса, Гулзора аллақачон уйга қайтарди, деган фикрга борди ва унинг таъзирини бериб қўймоқчи бўлди. “Нимага бировларнинг ишига аралашасан?!”, дея Феруза опага ташланди. Сўкинганича кўксига уриб, итариб юборди. Феруза опа ерга йиқилди. Бадмаст қўшнисининг қилиқларига сабр қилиб турган Аброржон бунисини қабул қила олмади. Айниқса, кўз олдида онасининг ҳақоратланиши жон-жонидан ўтиб кетди, кўнгли ғазаб ва нафратга тўлди. Қаердандир қўлига илинган таёқни олиб, Шокирнинг аввал белига, кейин бошига зарб билан урди. Шокир ерга чўккалади. Аброржон қўшнисининг чаккасидан қон оқаётганини кўриб, қўлидаги таёқни ташлади, қўрқувдан тахтадек қотиб қолди. Феруза опа ўғли ва Гулзорани болалари билан уйига олиб кетди.

Уйига қайтаётган Темур ака кўча ўртасида типирчилаб ётган одамни кўриб, унга яқинлашди. Кечки маҳал, атроф қоронғилик билан қопланиб келаётгани боис чўнтагидаги фонарни олиб, унинг юзига тутди. Бошидан қон оқиб турган кимса Шокир эканлигини билгач, тезда маҳалла раисига қўнғироқ қилди. Раис эса “маҳалла посбонига айтинг”, дея гапни қисқа қилди. Темур ака одамларни ёрдамга чақиргунча орадан бироз вақт ўтди. Шокирни шифохонага олиб боришди. Кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан у шифохонада ҳаётдан кўз юмди.

Қизиқ, спиртли ичимлик ичиб олиб, аёлини хўрлаб, азоблаб келган марҳумга ачиниш керакми ёки яхшилик қиламан, деб кутилмаганда қотилга айланган ўспирингами? Албатта, Аброржоннинг кўнглида ғараз нияти йўқ эди. Бир жабрдийдага яхшилик қилмоқчи бўлди, бироқ кутилмаган ҳолат рўй берди, оқибати фожиа билан якун топди. Аммо биргина жаҳл унинг барча ҳаракатларини чиппакка чиқарди. Жиноятга етаклади. Қолаверса, маҳалла масъуллари ва фаолларининг бу ҳодисага эътиборсизлиги ҳам мазкур фожиани келтириб чиқарди. Агарда улар ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб, нотинч оила аҳволини вақтида ўрганишганида, тегишли чоралар кўришганида эди, бир навқирон йигит умрининг олтин онлари панжара ортида ўтмаган бўлар эди.

Кўпроқ янгиликлар