Олий ва ўрта таълим вазирлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази бошқарма бошлиғи «Кун.уз» сайтида 24 июль куни эълон этилган «Халқ сарсон: Мутасаддилар, гапиринглар, ўқувчи мактабда қолсинми ёки коллежга борсин?» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди:

Аввал ҳам хабар қилганимиздек, Республикадаги барча мактабларнинг 9-синф битирувчилари ота-оналари, ўз хоҳиш ва иродаларига мос равишда касб-ҳунар коллежи, академик лицейларда ёки умумутаълим мактабларининг 10-синфда ўқишни давом эттириши мумкинлигини такрорий равишда маълум қиламиз.

Бу жараёнда ҳар ким ўз хоҳиш-истагидан келиб чиқиб тўғри хулоса қилиши, ўз тақдири, келажагини ўзи белгилаши лозим.

Бунда ота-оналар фарзандининг ўқишни қаерда давом эттириши, қайси соҳа бўйича чуқур билим ва касб кўникмасини эгаллаши, қандай мутахассис бўлиши лозимлиги, келажакдаги ҳаётий режаларидан келиб чиқиб, онгли равишда қарор қабул қилишлари керак бўлади.

Таъкидлаш жоизки, бу жараёнда ҳеч ким мажбурий равишда умумтаълим мактаби ёки академик лицей, касб-ҳунар коллежларида ўқишга ундаши, ёлғон ахборот билан ота-оналарни чалғитиши, тўғри қарор қабул қилишига халақит бериши мумкин эмас.

Қайсидир таълим муассасаси раҳбарлари, ўқитувчилари сизга нохолис ёндашаётган ҳолларда таълим тизимининг 1006 қисқа рақамли ишонч телефонига Республиканинг исталган ҳудудидан мурожаат қилишингиз мумкин.

Фарзандингиз 9-синфдан кейинги ўқишни қайси таълим муассасасида давом эттиришни оила даврасида, холис мутахассислар, яқинларингиз маслаҳати ва тавсияси билан қарор қабул қилишингиз мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Ш.КАРИМОВ,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази бошқарма бошлиғи.