Қорақалпоғистонда рўйхатга олинган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг асосий улуши Нукус шаҳри (18 та), Қўнғирот (8 та) ва Хўжайли (7 та) туманларига тўғри келади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ахборот хизмати хабар бермоқда, деб ёзади Kruz.uz. 

Мазкур корхоналар турли соҳаларда фаолият юритмоқда: фармацевтика, хизмат кўрсатиш, енгил саноат, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари, озиқ-овқат саноати, нефть ва газ саноати ҳамда бошқа соҳаларда.

Буларда 3 мингга яқин киши иш билан таъминланган булиб, 2016 йилда мазкур корхоналар томонидан 1 970 млрд. сўмдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, хизматлар кўрсатилган. Шундан амалга оширилган экспорт ҳажми 373,7 млн. долларни ташкил этди. 

Мазкур корхоналар дунёнинг 15 дан ортиқ чет эл давлатлари инвестициялари иштирокида ташкил этилган. Улар орасида Хитой, Россия, Жанубий Корея, Буюк Британия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар бор. 

Бугунги кунда, чет эл инвестицияларини жалб қилиш борасида Хитойдан инвестицияларнинг ҳажми ортиб бормоқда.