Ўзбекистан Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металлдан тайёрланган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.

Шунга қарамай, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Истанбулдан учиб келган фуқаро Х.Бурхонова мазкур тартибларни бузишга уринди. «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ушбу шахс божхона кўригидан ўтказилганда, унинг қинғир қилмиши фош этилди.

Х.Бурхонова йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра салкам 73 млн. сўмни ташкил қилувчи 364 гр. оғирликдаги тилла тақинчокларни багажига яширган ҳолда олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

“Истанбул-Тошкент” рейсининг яна бир йўловчиси Н.Халимова ҳам холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган қиймати 10 млн. сўмдан ортик 104 гр. оғирликдаги тилладан ишланган заргарлик буюмларини чўнтагига яширганча олиб кирмокчи бўлганлиги фош бўлди.

Маълумки, республикадан тилла ва заргарлик буюмларини экспорт қилиш фақатгина Вазирлар Маҳкамаси кўрсатмасига асосан Ташқи савдо вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.

Фуқаролар Ш.Артиков ҳамда Ё.Абдураҳмоновалар мазкур тартибларга риоя қилмасдан йирик миқдордаги тилла қуймаларни Ўзбекистон сарҳадлари орқали ноқонуний олиб чиқишга уринишди.

“Тошкент-Деҳли” рейси бўйича парвоз олдидан ушбу шахсларнинг безовталаниши божхоначиларда бежизга шубҳа уйғотмаган экан. Одатдагидек, уларга тегишли багажлар назорат-рентген аппаратидан ўтказилганда, монитордаги тасвирларнинг шубҳали тус олиши божхоначиларни чамадонларни синчиклаб текширишга ундади. Амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида багажлар кўздан кечирилганда, уларнинг таркибий қисмлари ўрнига моҳирлик билан қуйма тиллалар ўрнатилганлиги фош бўлди.

Шу тариқа, Ш.Артиковга тегишли багажда 485 гр. оғирликдаги 14 та ҳамда Ё.Абдурахмонованинг багажида 607 гр. оғирликдаги 16 та қуйма тиллаларнинг яширин равишда олиб чиқилиши олди олинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу тиллаларнинг тахминий нархи салкам 100 млн. сўмни ташкил қилар экан.

Деҳлига отланган фукаролар О.Мирзаева ва Г.Мирзаева ҳам ички кийимлари орасига бекитганча тилла қуймаларни яширин равишда олиб чиқаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Шахсий кўрик давомида маълум бўлишича, Г.Мирзаева қиймати салкам 18 млн. сўмлик 197 гр оғирликдаги ва унинг ҳамроҳи О.Мирзаева салкам 14 млн. сўмлик 152 гр. оғирликдаги тиллани қуйма бўлаклар шаклида олиб чиқиб кетишга уринишган экан.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмокда.

Таъкидлаш жоизки, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳукукни муҳофаза қилувчи бошка идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 2017 йилнинг биринчи ярми давомида аниқланган 53 та божхона коидабузарликлари натижасида қиймати салкам 658 млн. сўмлик 10 кг. 600 гр.дан ортиқ оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.