АҚШ Конгресси вакиллар палатаси спикери Пол Райан палатанинг Россия, Эрон ва КХДРга қарши санкциялар лойиҳасини қабул қилганини олқишлади. У мазкур 3 давлатни "АҚШнинг энг хавфли рақиблари" деб баҳолади.

Пол Райан. Фото: Flicr

"Эрон, Россия ва Шимолий Корея томонидан миллий хавфсизлигимизга бўлган турли таҳдидларга баҳо бермаслик мумкин эмас. Бу мамлакатлар халқаро майдонда Америка саъй-ҳаракатларини барбод қилишга ва глобал барқарорликни издан чиқаришга ҳаракат қилиб келмоқда. Бизнинг Конгрессдаги ишимиз — уларни жавобгарликка чақиришдир. 

Ҳозиргина қабул қилинган қонун лойиҳаси тарихдаги энг кенг қамровли санкциялардан биридир. У бизнинг энг хавфли рақибларимизни америкаликлар хавфсизликда бўлиши учун сиқувга олади", — деган Райан.

Вакиллар палатаси Россия, Эрон ва КХДРга қарши санкцияларни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади. Уни Сенат муҳокама қилиши керак.