Альберт Эйнштейннинг энг машҳур фотосурати – олим ўз тилини кўрсатиб турган тасвир 27 июль куни кимошди савдосига қўйилади. Бу ҳақда Nate D. Sanders Auctions аукцион уйи сайтида хабар берилди. Суратга Эйнштейннинг ўзи имзо қўйган. Фотонинг аввалги нусхалари максимум 44 минг долларга сотилган.

Фотосуратни Артур Сассе Эйнштейн 72 ёшга тўлиши муносабати билан уюштирилган базмдан сўнг олган. Чарчаган физик машинага ўтирганида, фотосуратчи унинг ёнига келиб, ундан фотога тушишни сўраган. Эйнштейн унга қайрилиб, тилини чиқарган. Физик базмда олинган барча фотосуратларнинг нусхасини олгач, сўнггисини алоҳида мақтаган ва ундан кўплаб нусхалар кўчириб беришни сўрайди. Шундан сўнг, у бу фотосуратларни табрик хатлари билан бирга юборган.

Сотувга қўйиладиган фото шуниси билан эътиборга лойиқки, унда Эйнштейннинг ҳамроҳлари – Принстондаги истиқболли тадқиқотлар институти директори Фрэнк Эйделотт ва унинг рафиқаси Мари Жанеттни ҳам кўриш мумкин. Бироқ, кўплаб суратлар шундай кесилганки, уларда фақатгина Эйнштейннинг ўзи тасвирланган.