Насибжон Умаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) илгари ҳам фирибгарлик қилгани учун судланган эди. У бундан хулоса чиқариш ўрнига, яна фирибгарликка қўл урди. Бу сафар ўзига ҳар доим ёрдам қўлини чўзган Малоҳат Маматовага фириб берди. Аслида Насибжон зарур ҳолларда бу аёлдан ҳар доим пул қарз оларди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

-  Банкда танишларим бор, мабодо, сизга доллар керак бўлиб қолса, олиб бераман, - деди Н.Умаров сўнгги бор кўришганларида.

Бу гап Малоҳатга маъқул келиб, дарҳол рози бўлди.

-  Менга ҳозир минг доллар керак эди. Ростдан танишингиз бўлса, яхши бўларди.

Малоҳат унга ишонди ва 1000 АҚШ долларига мўлжаллаб, 3 млн. 350 минг сўмни тутқазиб юборди.

Шу билан ваъдабоз Насибжон ғойиб бўлди. Уни кутишдан ва қидиришдан чарчаган Малоҳат Маматова бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза ёзди.

Суд Насибжон Умаровни айбдор, деб топди. У икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди. Шунингдек, ундан жабрланувчига етказилган зарар ундириладиган бўлди.