Буюк Британия ҳукумати 2040 йилдан бензин ва дизель двигателли янги автомобиллар сотувини тақиқламоқчи. Бу ҳукуматнинг ҳаво ифлосланишига қарши курашиш режасида кўзда тутилган. Бу режа 31 июлда тақдим қилинади. 

Ҳаво сифатини яхшилаш бўйича дастурга умумий ҳисобда 3 млрд фунт стерлинг сарфлаш режалаштирилмоқда. Режага кўра, нефть маҳсулотларида ишловчи машиналар сотишни тақиқлашдан ташқари, жамоат транспортини алмаштириш, "ётувчи полициячи"лар (машиналар тез юрмаслиги учун мўлжалланган йўлдаги дўнгалаклар) миқдорини ўзгартириш ва светофорларни қайта дастурлаш кўзда тутилган.

Британия ҳукумати режани олий суд қарорига кўра тақдим қилишга мажбур бўлмоқда. Ҳукумат судда ClientEarth ҳаракатига ютқазиб қўйган. 2015 йилда фаоллар олий судда ютиб чиққандилар, бироқ ўшанда тақдим қилинган режа уларни қониқтирмаган ва улар судга қайта мурожаат қилгандилар. 

Британия ҳукуматининг бу баёноти Франциядаги шундай ваъдалардан кейин янграган. Францияда 2040 йилдан бошлаб бензин ва дизелда ишловчи машиналар сотиш мумкин эмаслиги айтилган. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, 2038 йилга келиб электромобиллар савдоси оддий автомобилларникидан ўтиб кетади.