2018 йилнинг биринчи чорагида Фарғона вилоятида россиялик ҳамкорлар билан биргаликда Меҳнат мигрантларини тайёрлаш бўйича марказ очилади.  Бу ҳақда 26 июль куни ташкил этилган анжуманда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Азиз Абдуҳакимов Кун.uz мухбири билан бўлган суҳбат чоғида маълум қилди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россияга ташрифи чоғида "Ўзбекистон ва Россия ҳукумати ўртасида Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисида" битим имзоланган эди. Битимга кўра, икки томон Ўзбекистон фуқароларини Россияда вақтинчалик меҳнат қилишга уюшган ҳолда жалб этиш бўйича ҳамкорликнинг тартиби ва шартларини белгилаб олди.

26 июль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Россия Федерациясига ишлаш учун жўнаб кетаётган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларини кузатиш маросими бўлиб ўтди. Кун.uz мухбирининг  хабар беришича,  юқорида қайд этилган битимга мувофиқ, Ўзбекистон Россия билан ҳамкорликда меҳнат мигрантларини ўқитиш ва ишга мослаштириш бўйича марказлар очилмоқда. Дастлаб ана шундай марказлардан бири тез кунларда Фарғона вилоятида ишга тушиши кўзда тутилган. 

"Ўзбекистон ва Россия ўртасида келишилган битимларга мувофиқ, эндиликда Россияда меҳнат қилиш истагида бўлган фуқаролар учун яна кўпроқ имкониятлар яратилади, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя остида бўлади. Тез кунда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик натижасида Фарғонада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ишга тайёрлаш ва мослаштириш бўйича марказ ташкил этилади. У ерда фуқаролар тиббий текширувдан ўтиши, қайси мутахассисликка тўғри келишини синаб кўриши,  рус тили бўйича сертификатни қўлга киритиши ва албатта, барча зарурий ҳужжатларни тайёрлаш учун керакли кўрсатмаларни олиш имконига эга бўлади. Аввалари, ўзбекистонлик мигрантлар Россияда ўзига мос иш топиш ва сертификатни қўлга киритиш учун кўп вақтини, ҳам нақдини сарфлаган бўлса, мазкур марказ фуқароларимизнинг Ўзбекистон ҳудудида туриб, барча жараёнлардан осон ўтишини таъминлаб беради", дея таъкидлади Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Азиз Абдуҳакимов.