Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, АҚШда Россияга қарши санкцияларни узайтириш ҳақида қонун қабул қилинадиган бўлса, жавоб чоралари ҳақидаги қарорни мамлакат президенти Владимир Путин қабул қилади. Бу ҳақда «Газета.ru» ёзмоқда. 

«Ташқи сиёсат соҳасида қарорни Россия Федерацияси президенти қабул қилади. Агарда, у қабул қилинса, бу ҳақда сизга хабар берамиз», - деди Песков Федерациялар кенгаши аъзоси Константин Косачевнинг баёноти ҳақидаги саволга жавоб қайтариб.

Шунингдек, Песковнинг айтишича, сенаторлар ҳамда депутатларнинг бу мавзу юзасидан баёнотларини тушунса бўлади, сабаби гап Россияга нисбатан нодўстона кайфиятлар ҳақида бормоқда.

Аввалроқ Россия Федерациялар кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Константин Косачев АҚШ конгрессида Россияга қарши янги санкциялар бўйича овоз бериш жараёни, икки давлат ўртасидаги муносабатларда ҳеч қандай яхшиланиш бўлмаслигини англатиши ҳақида маълум қилди.