Англиянинг «Манчестер Сити» клуби «Монако» ҳужумчиси Килиан Мбаппени сотиб олиш мақсадида расмий таклиф билан чиқди. Бу ҳақда Goal.com интернет-нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, «Сити» вакиллари футболчи учун салкам 143 миллион фунт стерлинг (160 млн. евро) таклиф қилишган. Сўнгги 24 соат мобайнида жамоа айнан мана шу трансфер бўйича музокараларга жиддий киришган ва эндиликда клуб вице-президенти Вадим Васильевнинг жавобини кутишмоқда.

Хосеп Гвардиола ҳужумчи билан шахсан ўзи гаплашиб олган ва уни «Манчестер Сити»га кўчиб ўтишга кўндиришга уриниб кўрган.

«Манчестер Сити» шунингдек, Мбаппе учун асосий даъвогар бўлиб турган «Реал»нинг молиявий имконияти уни тўғридан-тўғри сотиб олишга етмаслигидан умид қилмоқда. Олдинроқ тарқалган хабарга кўра, «Реал» Мбаппени сотиб олиш учун камида Гарет Бэйлни бошқа жамоага сотиши керак бўлади.