Минглаб мусулмон араблар Ал-Қудсдаги Ибодат тепалигига кўтарилишдан бош тортди ва Исроилнинг зиёратгоҳ атрофидаги низони тартибга солиш борасида ён босишларини эътиборга олмасдан, қўшни кўчаларда намоз ўқиди.

Associated Press берган хабарга кўра, мусулмонларнинг диний етакчиларидан бири, Ал-Қудснинг собиқ муфтийси Икром Сабри мусулмонларни Исроил ҳукумати диний мажмуага киришда ўрнатилган кузатув камераларини олиб ташламагунча, Ибодат тепалигига келмасликка чақирган.

Сабри металл детектор ва видеокамералар демонтаж қилинишини етарли эмас, деб ҳисоблаган ва Исроил ҳукуматидан Ибодат тепалигига киришда ҳар қандай назорат воситаларини қўллаш ғоясидан бутунлай воз кечишни талаб қилган.

Исроил ва Фаластин ўртасидаги алоқалар 14 июль куни, 3 нафар фаластинлик бир гуруҳ полициячиларга қарата ўт очганидан кейин кескинлашганди. Натижада икки нафар полициячи ҳалок бўлди. Ҳужум қилганлар йўқ қилиниб, Исроил Ибодат тепалигига металл детектор ўрнатган.

Мусулмонлар эса Исроил бу мажмуада ўз таъсирини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда, деб ҳисоблайди. Мажмуа 15 гектар майдонда жойлашган бўлиб, мусулмонлар орасида аҳамияти жиҳатидан учинчи ўринда турадиган диний зиёратгоҳ ҳисобланади.