«Навоийазот» АЖ иккита инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун хорижий кредитларни жалб этади.

Ўзбекистон Президенти 2017 йилнинг 24 июль куни «Навоийазот» АЖда инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Президент қарорига кўра, «Навоийазот» АЖ аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун япон банклари кредитини жалб этади.

Bank of Tokyo Mitsubishi бошчилигидаги япон банклари консорциуми Япония экспорт-кредит агентлигининг 21,74 млн. АҚШ доллари миқдоридаги молия маблағларини тақдим этади. Кредит 7 йиллик муддатга берилади. 

Commerzbank (Германия) ва Crédit Suisse (Швейцария) банклари консорциуми эса «Навоийазот» АЖда азот кислотаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳасини амалга ошириш учун 115,62 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим этади. Ушбу кредит 11 йиллик муддатга берилади.

Ўзбекистон раҳбари «Асака» АТБ ва «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга «Навоийазот» АЖга миллий валютада қиймати 35,4 млн. АҚШ долларилик кредит линиялари очилишини таъминлаш вазифасини юклади. У 10 йиллик муддатга берилади. 

Президент «Навоийазот» АЖга истисно тариқасида, қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида 2018 йилнинг 1 июлига қадар лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бирга, қурилиш ишларини олиб боришга ҳам рухсат берди.