2050 йилга бориб, Европанинг шимолий ва марказий ҳудудлари демографик вазият нуқтаи назаридан барқарор бўлади, қитъанинг жануби ва шарқини эса, аксинча, аҳолисининг тезда қариши кутмоқда. Бу ҳақда сешанба куни журналистларга ошкор қилинган, Берлиннинг ривожланиш ва нуфуз институти томонидан эълон қилинган янги тадқиқотда айтиб ўтилган.

«Қариш, шубҳасиз, демографик ривожланишнинг энг сезиларли иқтисодий оқибати саналади. Бу ҳодисага қарши курашиш ва ишчи бозорни янги кадрлар билан бойитишнинг икки йўли бор — туғилишни кўпайтириш ва меҳнат муҳожирларини жалб қилиш. Европа демографик мигрантлар соҳасида пионер бўлиши мумкин, бироқ бу йўналишда ривожланиш қитъанинг турли қисмларида турлича кечаётганининг гувоҳи бўляпмиз», — деди Европанинг 290 ҳудуди таҳлилдан ўтказилган тадқиқотда қатнашган доктор Рейнер Клингҳолц.

Клингҳолцнинг сўзларига кўра, таҳлил натижасида қуйидаги хулосалар олинган: Скандинавия давлатлари, Буюк Британия, Нидерландия, Австрия, Германия, Швейцария иқтисодиёт ва демография жиҳатидан энг тараққий топган ҳудудлар ҳисобланади. Бу ҳолда Швеция, Норвегия ва Буюк Британияда туғилиш сонининг кўплиги кузатилаётган бўлса, немис тилли ҳудудлардаги барқарорлик Европанинг ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларидан келаётган мигрантлар ҳисобига ушлаб турилибди. Қитъа жанубида — Греция, Испания, Португалия, шунингдек, жанубий Италияда молиявий, қарздорлик ва миграцион инқироз туфайли 80-йилларда бошланган демографик мураккабликлар чуқурлаша борди ва прогнозларга кўра бу мамлакатларни кейинчалик ҳам туғилишнинг камайиши ва эмиграциянинг ўсиши кутиб турибди.

Айниқса, шарқий Европа давлатларида вазият шиддат билан ривожланиб боради, чунки бу давлатлар азалдан, айниқса, социалистик тузум вақтида туғилиш сони юқори мамлакатлар ҳисобланган. Бу давлатларнинг иқтисодий ўсишини Ғарбий Европа давлатлари даражасида тез таъминлашнинг иложи йўқлигидан, айниқса, ёшлар ўртасида миграциянинг юқори суръати, туғилишнинг камайиши ва аҳолининг қаришини келтириб чиқармоқда. Натижада Болгария ва Руминия каби давлатлар 2050 йилгача аҳолисининг йилига 0,5 фоизини йўқота бориши мумкин, Берлин институти ҳисоб-китобларига кўра Болтиқбўйи республикалари аср ўртасига бориб айни пайтдаги аҳолисининг 40 фоизидан айрилади.

Институт ходими Штефан Сифертнинг сўзларига кўра, туғилиш даражаси ва миграция даражаси бир бирига чамбарчас боғлиқ, мамлакатдан ёшларнинг чиқиб кетиши демографик инқироз чуқурлашишига сабаб бўлади, холос.

Мигрантлар Германияни қувватлашмоқда

Германияга сўнгги тўрт йилда Европа ва жаҳоннинг бошқа давлатларидан 1,5 миллиондан зиёд қочоқ ва юз минглаб мигрантлар кириб келиши туфайли, гарчи сўнгги 40 йилда ўлим сони туғилиш сонидан кўп бўлаётганига қарамасдан, ГФРда демографик ўсиш барқарор бўлиб қолмоқда ва тенденция жорий асрнинг ўрталарига қадар давом этади, деб ҳисоблашмоқда тадқиқотчилар. Айнан немис тилли ҳудудларга миграция сабаблари иқтисодий даражанинг юксаклиги, фуқаролар ҳаётининг таъминланганлиги, иш ўринларининг мавжудлиги билан тушунтирилмоқда. Лекин бир вақтнинг ўзида миграция ўзи билан айрим таҳдидларни ҳам олиб келади — мамлакат аҳолиси келгиндиларни немис жамиятига интеграция қилишга муваффақ бўлинадими, деган саволни ўртага ташлашмоқда. Афтидан, бу саволлар ўта жиддий, шу сабабли «Германия учун муқобил» евроскептиклар партияси каби ўнг партияларнинг машҳурлиги ошиб бормоқда.

Германияга энг кўп мигрантлар ва қочқинлар 2015 йилги инқироз авж паллага чиққан пайти — деярли 900 минг киши келган, дейилади ИИВ маълумотида. Уларнинг учдан икки қисми Германияда яшаш гувоҳномасини қўлга киритишган. Янги пайдо бўлган ишчи кучини бозорга тезроқ олиб чиқиш ниятида ГФР ҳукумати янги қонунлар қабул қила бошлади, улардан айримларига кўра, мигрант ва қочқинларга уларга бошпана берилишидан аввалроқ интеграцион курсларда қатнашиш имокнини беради, ёки мамлакатда яшай бошлаганидан уч ой ўтиб уларга меҳнат бозори эшиклари очиб берилади. Лекин бу инсонларни ишга жойлаштиришни ҳанузгача муваффақиятли деб бўлмайди: уларнинг малакасининг пастлиги ва тилни билмаслиги оқибатида иш берувчилар уларни иш билан таъминлай олмаяпти, келганларнинг фақат 10 фоизи Германияда талаб этиладиган малакага эга, дейилади Берлин институти тадқиқотида.

Германияда демографик ривожланиш марказлари сифатида Бавария ва Баден-Вюртемберг ерлари эътироф этилган, улар бир вақтнинг ўзида саноат кластери ҳам ҳисобланади. Бундан ташқари, Берлин ва Лейпцигда сезиларли демографик ўсиш кузатилмоқда. Берлинда мигрантларни учта университет, яшаса бўладиган ҳаёт шароити ва иш ўринларнинг кенг танлови кутиб турибди. Саксония пойтахти Лейпцигда бутунжаҳон кўргазмаси ўтказилади, у ерда университет, аэропорт ва жуда ривожланган саноат, жумладан, доимо малакали кадрларга эҳтиёж сезувчи пўлат қуйиш ва автомобилсозлик саноати мавжуд.

Бироқ Германиянинг ерли аҳолисининг қариши давом этмоқда. Айни пайтда 64 ёшдан ошган қарияларнинг жамиятдаги улуши 21 фоиздан ортиқ, бу эса Греция ва Италиядан кейинги учинчи кўрсаткич. Тадқиқотга кўра, Германиядаги ҳар бир пенсионерга уч нафар ишловчи фуқаро тўғри келади.