Швейцария полицияси Шаффхаузен шаҳрида моторли арра билан 5 кишига жароҳат етказган эркакни қўлга олди. Таъкидланишича, тергов ҳақидаги батафсил маълумот кейинроқ тақдим қилинади.

Bild нашри маълумотларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари терговга бағишланган катта матбуот-анжуман ўтказмоқчи. Анжуман бугун, 26 июлда бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

24 июлда эркак моторли арра билан суғурта компанияси ходимларига ҳужум қилган, сўнгра воқеа жойидан яширинган. Ҳужум оқибатида 5 киши жабрланган, улардан 2 нафари жиддий жароҳат олган. Босқинчи 51 ёшли Франк Вроузис исмли шахс бўлиб чиққан. У охирги вақтда Швейцария жануби-шарқидаги Граубюнденда яшаган ва ўзининг тажовузкорлиги билан маълум бўлган. У қилмишлари учун 2014 ва 2016 йилларда суд олдида жавоб берган.