25 июлда Россия президенти Владимир Путин ва Ироқ вице-президенти Нури ал-Маликий ўртасида ўтган музокараларда Ироққа Т-90 танкларини етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди. 

Бу ҳақда журналистларга Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати раҳбари Дмитрий Шугаев маълум қилди.

"Мавзуга тўхталиб ўтилди. Барча мавзулар кўриб чиқилди", деб айтган Шугаев. Бироқ шу билан бирга Шугаев танклар етказиб бериш ҳақида бирор қарор қабул қилингани ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди. "Бизда ўз режаси бўйича ишлайдиган ҳукуматлараро комиссия мавжуд. Танклар етказиб берилиши бўйича бирор бир деталга, миқдор бўйича саволларга изоҳ бермайман", деб айтган Шугаев.

Унинг айтишича, музокараларда "мавжуд шартномалар бажарилишининг жорий ҳолати" муҳокама қилинган. "Шу билан боғлиқ ҳолда ҳарбий-техник соҳадаги ўзаро муносабатларда доимо мавжуд бўладиган муаммоларни ҳал қилишни мақсад қилиб қўйдик, бу ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар эмас", деб қўшимча қилган Шугаев.  

Шугаев, шунингдек Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Анқара ва Москва Россиянинг С-400 тизимларини Туркияга етказиб бериш бўйича аниқ шартномалар имзолагани ҳақида ОАВда пайдо бўлган баёнотига изоҳ бермаган.