Сербиялик таниқли теннисчи Новак Жокович мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади, деб хабар бермоқда АР ахборот агентлиги. 

Бунга сабаб теннисчи "Уимблдон" мусобақасида курашни давом эттира олмаганига сабаб бўлган билак жароҳати ҳисобланади.

Шу тариқа, Жокович АҚШ Очиқ чемпионатида (US Open) иштирок эта олмайди ва узоқ вақт ичида илк марта "Катта дубулға" мусобақасини ўтказиб юборади. Бу мусобақа теннисчининг фаолиятидаги 51-рақамлиси бўлиши керак эди.

Таъкидланишича, Жокович "Катта дубулға" серияси мусобақаларида 2005 йилдан бери иштирок этиб келади. У шундан бери серияга кирувчи 12 мусобақада: 6 марта Australian Open’да, 3 марта "Уимблдон"да, 2 марта US Open’да ва бир марта Франция очиқ чемпионати – "Ролан Гаррос"да ғолиб бўлган.