Сирдарёда вилоят ҳокими «гул ўғриси»га тувакда гул совға қилгани ҳақида

Жамият 26 Июль 2017 31352

Сирдарё вилоят ҳокимлигининг расмий веб-саҳифаси — Sirdaryo.uz’да вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқ Султоновнинг «Нега шундаймиз?» мақоласи эълон қилинди. Мақолада мушоҳадага чорловчи фикрлар барча учун бирдек тааллуқли бўлгани учун уни сизлар билан бўлишмоқдамиз.

Вилоятимиз маркази кўз ўнгимизда номига яраша Гулистонга айланиб боряпти. Кўчалар кенгайтирилиб, янги-янги кўп қаватли бинолар, ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилмоқда. Шаҳарни яшилликка буркаш, дов-дарахтлар экиш, одам йўлаклардан юрса атрофидаги ям-яшил ўтларни кўриб, кўзи яшнаши, димоғи турфа гуллар ифоридан чоғ бўлиши учун нимаики керак бўлса, ҳаммаси олдинма-кетин, навбат билан қилинмоқда.

Яқинда вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳокимимиз бир воқеани айтиб қолди:

— Эрталаб соат тўрт-тўрт яримлар эди чамаси, одатимга кўра шаҳарни яёв айланиб юрувдим, — дейди вилоят ҳокими Ғофуржон Ғаниевич Мирзаев. — Мустақиллик майдонидаги алвон гуллар кўчатини тупроғи билан ўмариб олаётган одамни кўриб қолдим. Нима қилаётганини сўрадим. «Ишхонамга, кабинетимга олиб бориб, тувакка солиб қўяман» деди. «Бу гуллар кабинетда ўсмайди. Мен сизга бошқа гулларни туваги билан совға қиламан. Бу гул кўчада ўсади ва ўтган — кетганнинг кўзини, дилини қувонтиради. Сиз бу ишни бекор қилдингиз», деб уни ҳокимликка етаклаб келиб, иккита тувакда гул бериб юбордим.

Мажлисда ўтирганлар гул ўғрисининг, у гулни кабинетига олиб бориб қўймоқчи бўлса, демак, у бирорта корхона, ташкилот ёки муассасанинг раҳбаридир, наҳотки шунчалик худбин бўлса, деган гапларни гапиришди.

Яна бир йиғинда йўл ёқасида бир текис ўсаётган, ўтган-кетганга завқ-шавқ улашаётган гулларни икки қиз юлиб олаётгани, буни бир дугонасининг туғилган кунига олиб бормоқчи эканини айтиб берганларида, одамларимиз нега шунақа, деб ҳам хомуш бўлганимиз, эсимда.

Нега шундаймиз?

Бир қурувчи айтиб берувди: катта йўлдан кичик йўлга бурилаётган жойга қувур ётқазиш учун ернинг анчагина қисмини ковладик. Шу чуқур ариқчанинг устидан одамлар ўтиб туриши учун иккита тахта қўйдик. Икки томонига шағал ташладик. Эрталаб ишга келсак, не кўз билан кўрайликки, шу тахталар йўқ. Уч-тўрт кунга қадар одамлар бу йўлдан юролмади.

Минг афсус!

Гулистон шаҳрига экилаётган дарахтлар ўта ноёб, улар Европа давлатларидан келтирилган. Эътибор берган бўлсангиз, дарахтлар дуркун, текис ўссин, дея атрофига суянчиқлар қўйилаяпти. Бу дарахт остидаги ўтлар фақат дарахтга эмас, кўчага кўрк бераяпти. Одамларнинг кўнглини кўтараяпти. Аммо шундай ҳамшаҳарларимиз борки, ана шу ўтларга молларини боқаяпти. Тўғри, сигирининг ёки буқасининг арқонини дарахтга бойлаб қўйган эмас, аммо молини етаклаб озиқлантираяпти.

Буни қандай тушуниш мумкин?

Гулистон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғига бораётган йўлакларга плиткалар ётқизилган. Аммо бу плиткаларнинг устидан машинасини ғизиллатиб миниб юрадиганлар ҳам бор. Наҳот бу йўл фақат йўловчилар учун, машиналар учун эмаслигини машина эгаси билмаса? Қуриб битказилганига ҳали ҳеч қанча вақт ўтмаган бўлса-да плиткаларнинг устидан юрсангиз, шақир-шақур қилади. Бу ўша машина эгалариниг фаросатсизлигидан бошқа нарса эмас.

Йўлларимиз равон бўляпти. Аммо ҳузурини аравакашлар кўраяпти. Улар шаҳарнинг хоҳлаган ерига эшак-аравага қовун-тарвуз ортиб олиб, сотаяпти. Ҳозир помидор, бодринг сотаётганлар кўпайиб кетган. Ҳаммасининг эшак-араваси бор. Асфальт кўчалар, тротуарлар, турар-жойлардаги дилни хира қилувчи ифлосликларга шу эшак-аравалар ҳам сабабчи бўляпти.

Буни кимлар тартибга солиши мумкин?

Ҳозир вилоят ҳокимлигида шаҳарнинг марказий кўчалари, истироҳат боғлари, овқатланиш шохобчалари атрофида уй ҳайвонларини боқиш ҳамда эшак-аравалар юришини чеклаш бўйича қарор тайёрланмоқда. Зора, бу қарор ижроси амалга ошиб, шаҳримизни дов-дарахтларга, гулларга бурканган тоза ва озода шаҳарга айлантиришга хизмат қилса?

Худди шундай! Бу қарор вилоятимизнинг барча туманларига ҳам дахлдордир.

Ортиқ Султонов,

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Кўпроқ янгиликлар