АҚШ прзиденти Дональд Трамп The Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида баёнот беришича, Apple компанияси Америкада учта ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш мажбуриятини олган. 

Трампнинг сўзларига кўра, Apple раҳбари Тим Кук "3 йирик, жуда чиройли корхона" қуришга ваъда берган. "Мен айтдимки: Тим, сен мамлакатимизда корхоналарингни қурмас экансан, менинг маъмуриятим иқтисодий соҳада муваффақиятга эришди, дея олмайман", — деган Трамп. Бироқ президент компания АҚШда қайси маҳсулотни ишлаб чиқармоқчи эканига ойдинлик киритмаган. 

Apple компанияси вазиятни изоҳлашдан бош тортди. 

Ўтган йил ноябрь ойидаги президентлик сайловида ғалаба қозонган Трампнинг асосий ваъдаларидан бири Америка ҳудудида ишлаб чиқаришни тиклашдир. Apple эса ўз компьютер, телефон ва бошқа қурилмаларини асосан Хитойда ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқаришни кўчириш эҳтимоли бир неча сабабларга кўра муаммолидир. Хитойда ишчилар анча арзон, шу сабабли АҚШда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сезиларли қимматлашади. 

Бундан ташқари, Apple компаниясининг Хитойдаги пудратчилари лозим бўлганда 100 минглаб кишиларни ёллаб, яна ишдан бўшатади. Бу АҚШ меҳнат қонунчилигида назарда тутилмаган.