Илёс Шоматов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2016 йил 8 январдан давлат рўйхатидан ўтказилган “Сарфир инвест класс” МЧЖ раҳбари. У “Халқ истеъмоли молларини олиш ва сотишга воситачилик қилиш” фаолияти учун гувоҳнома олган бўлиб, улгуржи савдо билан шуғулланишга ваколати йўқ эди. Аммо мулкий наф кўриш, яхшигина фойда олиш истаги устун келди. Шу боис, “Асака банк” Наманган филиалида очилган асосий ҳисоб рақами орқали 2016 йил 17 мартдан 15 майга қадар 132 млн. 735 минг сўм, “Универсалбанк” Фарғона филиалидаги иккиламчи ҳисоб рақами орқали 132 млн. сўм, “Агробанк” Данғара филиалидаги иккиламчи ҳисоб рақами орқали 7 млрд. 520 млн. 859 минг сўм, жами 7 млрд. 785 млн. 595 минг сўм дебит ва кредит айланмасини амалга оширди ва МЧЖ уставида кўрсатилмаган улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланди. Аслида у аввал ҳам савдо қоидаларини бузган, амалдаги қонун меъёрларини менсимагани сабабли бир неча марта судланган бўлиб, бундан хулоса чиқариб олмаган экан, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Бундан ташқари, И.Шоматов раҳбар сифатида жамиятнинг улгуржи савдо фаолияти бўйича Наманган шаҳар ДСИга 2016 йил 1-чорак ҳисоботларини тақдим этмай, ушбу давр мобайнида ҳисоб рақами орқали 6 млрд. 857 млн. 644 минг сўм товар айланмасини, шунингдек, пул кўчириш йўли билан сотиб олинган маҳсулотларни қайта сотишдан келиб тушган 1 млрд. 984 млн. 480 минг сўм нақд пулни ҳисоботдан яширди. Бу билан давлат бюджетига ҳисобланиши ва тўланиши лозим бўлган 442 млн. 106 минг сўм ягона солиқни тўлашдан бўйин товлади.

Шунингдек, И.Шоматов банк муассасалари орқали 7 млрд. 785 млн. 595 минг сўм банк айланмасини амалга ошириб, пул кўчириш йўли билан сотиб олинган 1 млрд. 984 млн. 480 минг сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотиб юборди. Савдодан тушган пулларни эса на назорат-касса машинасига кирим қилди ва на банк муассасасига топширди. Қолаверса, савдо қоидаларини жуда кўп миқдорда бузгани етмаганидек, жиноятларини яшириш мақсадида жамият фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни қасддан нобуд қилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар И.Шоматовга нисбатан жиноят иши қўзғатилгач, у улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланиш учун махсус лицензияси бўлмаса-да, 6 млрд. 857 млн. 644 минг сўмлик улгуржи савдони амалга оширгани ҳам маълум бўлди. И.Шоматов бу кирдикорини яшириш, гўёки жамият воситачилик фаолияти билан шуғулланиб келганини кўрсатиш мақсадида харидор корхоналарга улгуржи тартибда етказиб берилган маҳсулотлар учун расмийлаштирилган бирламчи ҳужжатларни 222 та ҳолатда сохталаштирди ҳамда харидор корхоналар муҳрларини, шунингдек, маҳсулотни қабул қилиб олган шахсларнинг имзоларини қалбакилаштиришга эришди.

Нияти эгри бўлган инсон унга ета олмаганидек, тадбиркорлик ниқоби остида фақат бойлик орттиришни кўзлаган И.Шоматов суд ҳукми билан 4 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, давлат бюджетига етказилган моддий зарар ҳам ундан ундириладиган бўлди.