Японияда оловранг қизил чумоли илк бор одамни чақиб олди

Жамият 27 Июль 2017 18546

Япониялик шифокорлар оловранг қизил чумоли томонидан Японияда илк бор одам чақиб олингани ҳолатини қайд этишди. Бу чумолилар дунёдаги энг хавфли чумолилардан бири ҳисобланади. Ушбу ҳодиса Кюсю оролининг жанубидаги Хаката портида юз берди.

Бу турдаги чумолилар портда бир ҳафтача олдин аниқланганди. Япония соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бир неча ўнлаб чумолилар ва уларнинг ғумбаклари Хитойдан келган контейнер ёнида аниқланган. Чумолилар шу заҳотиёқ йўқ қилинган. Шу билан бирга бу контейнердаги юк Япониядаги бошқа омборхоналарга жўнатилгани ҳақида маълумот йўқ.

NHK телеканали маълумотларига кўра, жабрланувчи портнинг контейнердан юкни тушираётган ходимларидан бири бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, бу одам чумоли чақишини сезган. Бир фурсатдан кейин чақиш жойи атрофида тошма пайдо бўлган ва ишчи яқин орадаги шифохонага етказилган.   

Шифокорлар ишчи қизил чумоли томондан чақиб олинганини тасдиқлаганлар. Ҳозирда жабрланувчининг ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқ. Бу ҳолат Япониядаги илк шундай ҳолат бўлди.

Бу Японияга келтирилган контейнерларда қизил чумолилар аниқланаётган биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ бу чумолилар Хитойдан Нагоя ва Токио шаҳарлари портларига келтирилган контейнерларда аниқланган. Май ойида эса ҳашаротлар Кобэ портида аниқланган. Мутахассислар чумолилар кўпайиб кетишидан хавотирланмоқдалар.

Қизил чумолилар чақишидан кейин кўпчилик одамларда тери қизариши, тошма ва шишлар, баъзи ҳолларда бош айланиши ва қайд қилиш кузатилади. Бу чумолилар аллергияга мойиллиги бор одамларга катта хавф солади. Чунки уларнинг чақиши анафилактик шоккача олиб келиши мумкин бўлган реакцияни чақириши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар