САВОЛ: Мен тадбиркорлик билан шуғулланмоқчиман. Тадбиркорлик субъектлари банкдан миллий валютада ҳисоб-рақам очиш учун қандай ҳужжатлар тақдим қилишлари керак?

Шаҳобиддин РАСУЛОВ,

Тошкент шаҳри

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисоб-варақлари тўғрисидаги Йўриқномага асосан тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлган резидент юридик шахслар миллий валютада талаб қилиб олингунча депозит ҳисоб-варақлари очиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) мазкур Йўриқноманинг 2-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ ҳисоб-варақ очиш тўғрисида ариза;

б) мазкур Йўриқноманинг 3-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган икки дона варақча;

в) мижоз номидан пул ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат). Шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли кўрсатилгандан сўнг, банк томонидан ундан нусха олинади.

Саволга «Ўзмиллийбанк» Тошкент шаҳар бош бошқармаси етакчи юрисконсульти Бобурбек АБЛАБКОВ жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.