Вазирлар Маҳкамасининг 19.07.2017 йилдаги 525-сон қарори билан  Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат ва ҳудудий комиссиялар тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар қилган.
 
Эслатиб ўтамиз, кўрсатилган комиссияларнинг асосий вазифалари ва уларнинг шахсий таркиби Президентнинг 1.06.2017 йилдаги ПФ-5066-сон фармони билан тасдиқланган.
 
Низомда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича комиссияларнинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек фаолият юритиш тартиби акс этган.
 
Комиссия коллегиал орган бўлиб, унга раис бошчилик қилади ҳамда йиллик режага асосан доимий асосда фаолият юритади. Унинг йиғилишлари заруратга кўра, бироқ камида бир йилда 1 марта ўтказилади. Фавқулодда вазиятлар содир бўлишининг реал хавфи туғилганда навбатдан ташқари йиғилишлар чақирилиши мумкин. Шунингдек, зарурат бўлганда кўчма йиғилишлар ташкил этилиши мумкин.
 
Комиссия йиғилишини раис олиб боради, у йўқлигида йиғилишни унинг ўринбосари олиб боради. Кворум учун унда аъзоларнинг камида 2/3 қисми қатнашиши зарур.
 
Комиссия қарори унинг аъзоларининг фикрлари ва қарорлари умумлаштирилиши йўли билан коллегиал қабул қилинади. Унинг ҳар бир аъзоси қабул қилинадиган қарорлар бўйича ўзининг алоҳида фикри ва таклифини ёзма равишда ифодалашга ҳақлидир. Ҳудудий комиссиялар аъзоларининг фикрлари ва таклифлари тенг бўлганда раиснинг фикри ҳал қилувчи ҳисобланади.
 
ФВВ ва унинг ҳудудий бўлинмалари комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.