АҚШнинг Ford автоконцерни хавфсизлик камаридаги муаммолар сабабли 117 мингта машинасини ортга қайтариб олмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизматида маълум қилинди.

Компания маълумотларига кўра, 2014 модел йилига мансуб Ford F-150 ва Ford E 2014 ҳамда 2014-2015 модел йилларига мансуб Ford Escape машиналари ортга қайтариб олинмоқда. Нуқсонга эга машиналарнинг аксарияти АҚШда сотилган. Шунингдек, Канада ва Мексикада сотилган машиналар ҳам қайтариб олинади.

Ford’да маълум қилинишича, хавфсизлик камари нуқсон сабабли кутилмаган тўхташ ёки аварияда чиқиб кетиши мумкин. Компанияда таъкидланишича, улар бу муаммо билан боғлиқ ҳолда жароҳат олинган бирорта ҳолат юз бергани ҳақида эшитмаганлар.

Компания муаммони бепул бартараф этишга ваъда берган.

Март ойида Ford орқа ўриндиқлардаги муаммо сабабли Россиядан 1,3 мингта Ranger пикапларини қайтариб олганди.