Францияда собиқ бош вазир Франсуа Фийон ва унинг рафиқаси иштирокидаги можародан кейин сиёсатчиларга фарзандлари ва турмуш ўртоқларини ёрдамчилар сифатида ёллаш тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.   

Таъкидланишича, янги қонун вазир ва парламент депутатларига тегишли бўлади.

Айни вақтда Франция парламенти аъзоларининг 6 нафаридан бири ҳақ олувчи ёрдамчи сифатида оила аъзосига эга.

Фийон рафиқаси Пенелопа узоқ вақт давомида унинг ёрдамчиси бўлгани ва парламент жамғармаларидан ноқонуний равишда ҳақ олиб юргани ҳақидаги мақолалар чоп этилгандан кейин можаро марказида қолган. Кейинроқ Фийон ОАВни туҳмат қилишда айблаган.