Исроил ҳукумати Ибодат тепалигига асосий кириш қисмида бўлган металл конструкцияларни олиб ташлади. Бу муқаддас жой билан боғлиқ икки ҳафталик можарони ҳал қилиш мақсадида қилинди, деб хабар бермоқда маҳаллий телевидениенинг Иккинчи канали.

Тақдим этилган видеода кечки пайт ишчилар кишиларни металл буюмларни қидириш қурилмаларига қараб йўллаши лозим бўлган тўсиқларни олиб ташлашаётгани тасвирланган. Бу ердан электрон қурилмалар икки кун аввал олиб чиқиб кетилган.

“Кан” давлат радиостанцияси маълумотига кўра, кўплаб кишилар кечқурун кўчаларда бу ҳолатни олқишлашган, бироқ Ибодат тепалигига ҳозирча қайтиб келишмади. Улар ўз диний етакчиларининг хулосасини кутишмоқда. Аввалроқ улар видеокамералар ҳамда металлтопгичларни олиб ташлашнинг ўзи етарли эмас, деб баҳолашган ҳамда Исроил ҳукуматидан Ибодат тепалигига киришда ҳеч қандай назорат воситалари бўлмаслигини талаб қилишганди.

Эслатиб ўтамиз, можаро 14 июлдан бери давом этмоқда. Ўшанда Исроил ҳукумати Эски шаҳарда икки полициячининг ўлдирилиши туфайли Ибодат тепалигига келувчиларни назоратдан ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди.