Қашқадарёда диний экстремистик оқим аъзолари билан индивидуал иш олиб борилмоқда

Жамият 27 Июль 2017 4225

Ингичка игна ҳам, йўғон мих ҳам кўзга кирса, кўр қилиши мумкин бўлгани каби, Ватан манфаатининг бир заррасига хиёнат қилиш ҳам оғир гуноҳдир. Ватанга хиёнат. Бу сўзни эшитишнинг ўзиёқ инсон юрагига оғриқ солади. Вужуд-вужудингни титратиб юборади. Ахир киши ўзига, оқ сут берган онасига, қўлига нон тутган отасига, уни азизлаган элига, халқига, ота-боболари амал қилган дин-эътиқодга хиёнат қилиши мумкинми? “Қашқадарё” газетасида “Адашганлар иқрор бўлмоқда”, деб номланган мақола эълон қилинди. Қуйида мазкур мақола тўлиқ ҳолатда келтирилмоқда.

Ўқийман, ишлайман, элга, одамларга наф келтираман деган киши учун Ўзбекистонда барча шароит муҳайё қилинган бир даврда қашқадарёлик Элбек Нурматов Санкт-Петербургдан бахт излаб бир хатога йўл қўйган бўлса, у ерда турли диний экстремистик оқим аъзолари билан ҳамфикру ҳамқадам, уларнинг мақсад-муддаосига қарши бўлмаган ҳолда яшаб, энг катта янглишишни содир этди. Бу ҳақда “Қашқадарё” газетасида “Адашганлар иқрор бўлмоқда”, деб номланган мақола эълон қилинди. Қуйида мазкур мақола тўлиқ ҳолатда келтирилмоқда.

Мутаассибларнинг ғоя ва мақсадлари, пировард натижаси не экани, бу юртимиз тинчлиги, барқарорлигига рахна солиши мумкинлигини била туриб, Россиядан қайтиб келгандан кейин ҳам тегишли идораларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермади. Хабар беришни истамади балки.

Аммо хиёнат жуда оғир мусибатларга олиб келади. Буни Элбекнинг ўзи ҳам тезда тушуниб етди. Ёт ғоялар таъсирида алданиб, фикри бузилган укаси Покистонда хору зорликда итдай ўлим топгани ақлини киритди. Қолаверса, уч йил озодликдан маҳрум бўлиб, гарчи, шукурки улар амалга ошмаган бўлса-да, қилмишига пушаймон бўлди. Укаси билан бирга ота-онаси, яқинларининг юзини ерга қаратгани, ҳаёт инсонга бир марта берилиши, ота-боболаримиз эътиқод қилган дину диёнат кишига икки дунё саодатини туҳфа этишга қодир эканини англади.

Рост. У адашди. Алданди. Билмай катта хатога йўл қўйди. Аммо бироз кеч бўлса-да, нон берган, туз берган, беминнат едириб-ичирган юртига, Ватанига, отасига, онасига хиёнат қилиш энг катта гуноҳ эканлигини тушунди. Пулни, аллақандай манфаатларни деб виждонини, иймони, эътиқоди, Худосини сотган бир қатор жирканч ва қабиҳ ниятли экстремистларнинг ниятларига батамом қўшила олмади. Демак унинг юраги, қалби шу Ватан, шу эл билан. Озод ва обод Ўзбекистон билан.

Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш - давр талаби", "Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак" ҳамда "Жисмоний ва маънавий етук ёшлар - эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир" деб номланган маърузаларида тегишли соҳалар вакилларига ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли таҳдидлардан асраш, тузалиш йўлига кирган кишиларни соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш муҳим вазифа эканини таъкидлаб, шундай деди: "Адашган ёшларни тарбиялашимиз, керак бўлса, жазони ўташ жойларига ҳам бориб, улар билан гаплашишимиз лозим. Чин дилдан тавба қилиб, ота-онаси, оиласи бағрига, тўғри йўлга қайтишни ният  қилган одамларга амалий ёрдам беришга мен давлат раҳбари сифатида доимо тайёрман".

Шундан келиб чиққан ҳолда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида нотўғри йўлдан қайтган, адашганини англаб етган диний экстремизм ва терроризмга алоқадор шахсларни тезкор ҳисобдан чиқариш бўйича вилоят, туман (шаҳар) доимий комиссиялари ташкил этилди.

Айни пайтда комиссия томонидан диний экстремистик оқим аъзоси сифатида махсус рўйхатга олинган шахслар билан индивидуал иш олиб борилмоқда. Ҳар бир шахснинг дунёқараши, фикри, адашиб нотўғри йўлга кириб қолганидан пушаймонлиги, оиласи, фарзандлари ҳамда Ватан олдидаги бурч ва масъулиятлари ҳақида батафсил мулоқотлар ўтказилмоқда. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, айни кунда ўз айбига чин дилдан иқрор бўлган 265 нафар (25 нафари хотин-қизлар) диний экстремистик оқим аъзоси сифатида ҳисобга олинган шахслар махсус рўйхатдан чиқарилиб, соғлом ва тўғри ҳаёт сари йўлланмоқда.

Зотан, Президентимиз айтганидек, "Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний "Олижаноб кишилар узрни қабул қилур", деб таъкидлаган эканлар. Халқимиз - мард ва олижаноб халқ. Ким чин дилдан узр сўраса, тавба қилса, албатта гуноҳидан кечади. Шунинг учун ҳозирги кунда қанча адашганларни кечириб, тўғри йўлга соляпмиз. Бирини ўқишга, бирини ишга, бирини касбга қайтаряпмиз. 

Минг афсуски, зарарли диний оқимга кирган болани "Бу - қўшнининг боласи, бошқа қишлоқ ёки туманнинг боласи", деб лоқайд бўлаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Кимдир четга чиқиб, экстремистларга қўшилиб юрган бўлса, баъзи раҳбарлар, у Фарғонадан эмас, Андижондан, Қашқадарёдан эмас, Самарқанддан, деб бепарво бўлмоқда. Лекин у Ўзбекистон  фарзанди, Ўзбекистон фуқароси-ку!"

Давлатимиз раҳбарининг шахсан ғамхўрлигидан қувончи чексиз кишилардан бири Қарши шаҳрилик Фурқат Розиқовдир.

- Экстремистлар таъсирига тушган мендай ўғилни деб айниқса онаизорим эл олдида бош кўтаролмай қолганди, - дейди у. - Энди онамнинг юзи ёруғ, кўзида бахтиёрлик ёшлари. Айбимни кечириб, ҳаётда ўз йўлимни топишга имконият яратиб бергани учун  Президентимизга, давлатимизга миннатдорлик билдираман. Бор куч-ғайратимни юртимиз равнақи, ободлиги учун сарфлашга ваъда бераман.

Яна бир иқрорга қулоқ тутинг.

- Шу заминда ўсиб-ундик, ўқидик, олий таълим олдик, бироқ бир кишига етиб-ортадиган бахтнинг  қадрига вақтида етмадик, - дейди Баҳром Холмуродов. - Бўлмаса денг, яхшигина ишим бор эди, бир оилани бекаму кўст таъминлашга лойиқ маош олардим. Диний илмимиз етарли бўлмагани оқибатида бузғунчилар  тузоғига тушдим, уларнинг сохта тариқатларига учиб, мустақил фикрлашдан тўхтаб, манқуртга айланаёздим. Шукурки, яхши одамлар ёрдамида жаҳолат ботқоғига ботиб бораётганимни кеч бўлса-да, англадим. Қилмишимдан пушаймонман, адашдим. Президентимиздан, халқимиздан кечирим сўрадим. Кечиришди. Имкон беришди. Энди бу имкониятдан фақат яхшилик, эзгулик йўлида фойдаланаман.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, махсус ҳисобга олинган фуқароларнинг турмуш шароити, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, муаммоларини ўрганиш, ушбу  тоифа шахслар нега радикаллашиб кетганининг сабабларини ҳар томонлама чуқур таҳлил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай оилалардаги фарзандлар билан бевосита ишлаш, уларни фан, спорт тўгараклари, турли тадбирлар, кўрик-танловлар, соғломлаштириш оромгоҳларига жалб қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

- 2014 йилда диний экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланиб қамалдим, - дейди Абдуҳаким Умаров. - 2016 йилда амнистия актига асосан озод қилиндим. Қамоқда юрган вақтимда оилам, бола-чақамни соғиниб, кўзимда ёш билан ўйлаб ўтирардим. Нима бўлди? Нега адашдим, деб. Жавоби йўқ саволлар кўп эди. Жавоб эса битта - топганим эркак бошимни ерга эгиб, фақат ва фақат афсус чекиш, тўрт девор ичида йиллаб ўтириш бўлди, холос. Дунё кўрган одамман. Жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан озми-кўпми хабардорман. Афғонистон, Сурия, Ироқ, Ливияда бўлаётган даҳшатни олинг. Қурбон бўлаётган кишиларни, култепага айланган вайроналарни кўринг. Энди шуни тушуниб етдимки, бир вақтлар мен аъзо бўлган ташкилотнинг мақсадлари ҳам айнан шу даҳшат, вайроналарга олиб келаркан. Бундай ёмон йўлдан қайтдим. Ҳозир ишлаяпман, оилам даврасидаман. Менга билдирилган ишончни оқлайман.

Албатта, билдирилган ишонч, берилган имконият кишини янги орзу-мақсадларга, келажакка ёруғ назар билан боқишга ундаши шубҳасиз. Бу ҳақиқатни ҳис қилган, ўз танлаган йўли, қилмиши нотўғри эканини англаб етган юртдошларимиз эртанги кунни катта орзулар ила қарши олмоқда.

Зуҳриддин Раҳимов ҳам ўша аянчли қисмат гирдобига тушган, кейинчалик адашганини англагач, боши тазарруга эгилган.

- Айрим кишилар ўз бошига ўзи кулфат сотиб олади, десам хато бўлмайди, - дейди у. - Биздаги мавжуд ёмон, ёвуз иллатлар, салбий характерлар ва улкан жоҳиллигимиз туфайли кўпинча ўзимиз ҳам, бошқалар ҳам азият чекишга мажбур бўлишади. Агар биз ўз вақтида ақлимизни, илмимизни, виждон ва инсофимизни, қалб кўзимизни ишга сололганимизда эди, бугун нотўғри ва ношаръий деб билган қандайдир оқим учун бебаҳо, бетакрор умримнинг олтинга тенг даврини панжара ортида ўтказмаган бўлардим. Ширин ёшлик онларини энди ҳеч ким ортга қайтариб беролмайди. Ўтган кунларимга боқиб, чуқур хўрсинаман. Йўқотган умрим эвазига афсус ва надоматдан бошқа ҳеч нарса топмадим. Энди адашмай, алданмай, бошқаларни ҳам чалғитмай яшайман. Фарзандларим тарбиясига, оилам, юртим хизматига ўзимни бағишлайман.

Унинг бу аҳдидан яқинларининг қувончи чексиз, хуш-хандон овозлар янграй бошлаган хонадонда   саодатбахш кунларга ишонч мужассам.

- Одамдан нима қолади? Фақат яхшилик, - дейди унинг отаси Ғулом Раҳимов. - Вақтида шуни фарзандимга уқтиролмаганимдан афсусдаман. Мана, ўғлимни муҳтарам Президентимиз кечирди, имкон берди. Ўғлим ҳам яхши одам бўлишга, тўғри йўлдан оғишмасликка ваъда берди. Барчасидан мамнунмиз.

Барчамизга маълумки, бизнинг давлатимиз кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Бунда, ҳеч шубҳасиз, халқимизга азалдан хос бўлган бағрикенглик анъаналари муҳим роль ўйнамоқда. Азалдан шундай бўлиб келган. Демакки, экстремистик, радикал қарашлар бизга мутлақо ёт, бегона. Биргина улуғ ватандошимиз, калом илмининг султони дея эътироф этиладиган Абул Муин ан-Насафий ҳазратлари "Табсират ал-адилла" асарида ёт оқимларга қарши курашиб, уларнинг сохта даъволарига раддия берган эдилар. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Хўш, шундай экан, турли ёт ғояларга, радикал қарашларга берилишдан мурод нима? Тузалиш йўлига кирган, ҳаётини қайта бошлашга киришган барча кишилар ўзлари каби адашганларни тўғри йўлга қайтишга, бузғунчи даъватчиларнинг ясама сўзларига алданиб қолмасликка ундамоқда. Чин дилдан пушаймон бўлса, кечирилишини айтишмоқда ва бу даъват ҳақиқатан тўғридир.

Тўғри, адашиш - инсонга хос. Шундай экан, энди юртимиз равнақи, янада гуллаб-яшнаши учун тинмай меҳнат қилиш, шу билан хатоларни ювиш керак. Аслида юртга наф келтиришдек бахт дунёда йўқ.

Президентимиз айтганидек, бир боланинг йўлдан адашиши - бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради. Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак.

Агар биз битта болани тўғри йўналтирсак, йўлдан адашган чоғда дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билсак, унга бутун  қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни билса, аниқки, унинг ҳам қалб кўзи очилади, тўғри йўлга қадам қўяди. Ҳамкорликдаги ишларимизни ана шу тамойил асосида олиб борсак, ўйлайманки, бу борада кутилган натижаларга эришишимиз шубҳасиз.

Кун янгиликлари
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
22:00 / 16.08.2017 6730 Ўзбекистон
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 24280 Жаҳон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 56510 Жаҳон
Ўзбекистон 2019 йилдан хорижга чиқиш паспортларини жорий этади
17:00 / 16.08.2017 37761 Ўзбекистон
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 38812 Lifestyle
Асака туманида тергов идорасидан яшириниб юрган шахс қўлга олинди
Ахборот технологиялари вазирлигининг ҳарбий хизматчилари суғурталанади
Хорижлик сайёҳлар учун виза тартиботлари босқичма-босқич соддалаштирилади
Солиқ ва молия органлари раҳбарларига устама ҳамда жарималар миқдори тасдиқланди
«Барселона»: Биз улар билан шартнома имзолашга яқинмиз
10:56 782 Спорт
Кўпроқ янгиликлар