Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуродов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Наманган вилоятининг шаҳар ва туманлари аҳоли билан мулоқотлар ўтказиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга эътибор қаратмоқда.

Хусусан, қуйи парламент депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Иброҳим Ҳожиев ташаббуси билан Чуст туманида анчадан буён ечимини кутаётган муаммо ижобий ҳал этилди.

Тумандаги “Чуст-Орзу” хусусий корхонаси раҳбари Илҳомжон Аминжонов аҳолига умумий овқатланиш хизматини кўрсатиб келади. Тадбиркор ўз мустақил биносининг йўқлиги сабабли фаолиятини ижара асосида олиб борарди. 

Парламент вакилларининг ташрифидан воқиф бўлган тадбиркор Иброҳим Ҳожиевга аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, қолаверса, мулкдор бўлиш мақсадида ер майдони ажратиш масаласида мурожаат этди. Депутат тадбиркорни қийнаб келаётган дардли масалани кўриб чиқиш учун туман ҳокимлигига сўров киритди. Натижа кутилганидек, тадбиркор фойдасига ҳал бўлди.

Туман ҳокими Баҳодир Охуновнинг қарорига биноан, “Чуст-Орзу” хусусий корхонасига Чуст шаҳридаги Бибиёна кўчасидан 600 квадрат метр, яъни 6 сотих қуруқ ер ажратиб берилди. Айни пайтда бу ерда архитектура-қурилиш ишларига тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Оқилхон ДАДАБОЕВ, 
журналист.