Андижон вилоятида 2017-2019 йиллар оралиғида 21 та деҳқон бозорини реконструкция қилиш ва улар ҳудудида замонавий савдо мажмуалари барпо этиш белгиланган.

Жорий йил Андижон шаҳридаги Янги бозор ҳамда Асака, Шаҳрихон, Олтинкўл туманларидаги деҳқон бозорлари реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилади.      

Шаҳрихон шаҳри қадимдан ўзининг ҳунарманд ва савдогарлари билан ном қозонган. Ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, савдо мажмуаси индивидуал лойиҳа асосида барпо этилиши кўзда тутилган. Айни пайтда бузилаётган деҳқон бозори ўрнида замонавий, тадбиркорлар ва аҳоли учун барча қулайликларга эга мажмуа бунёд этилади. 

Туман ҳокимининг қарорига мувофиқ, Республика Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ҳузуридаги бозор қурилиш дирекцияси NBU BUNYODKOR INVEST жамиятига жами 2, 86 гектар ер майдони ажратилган. Қурилиш даврида бозор ҳудудида савдо-сотиқ билан шуғулланувчи фуқаролар Ҳамза кўчасида жойлашган “Шаҳрихон юксак парвози” жамияти ҳудудига кўчирилди.

Республикамиз президентининг 2017 йил 27 мартда қабул қилган ПҚ-2853-сонли қарорида деҳқон бозорларини шарқона ва миллий меъморчилик анъаналарини ҳисобга олган ҳолда қуриш белгиланган.

Шаҳрихондаги миллий шаҳарсозлик талабларидан келиб чиқиб, алоҳида лойиҳа асосида қурилаётган бозорнинг шу йил ноябрь ойида ишга туширилиши кутилмоқда.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон