Нархларнинг шаклланишига давлатнинг аралашуви ва уни назоратга олиши мамлакат фаровонлиги учун аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида мақола Kommersant.uz сайтида эълон қилинди.

Муаллиф ҳақида: Беҳзод Ҳошимов — иқтисодчи, Мэдисон (АҚШ)даги Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти. 2016 йил майидан Вайнарт тадбиркорлик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлаб келмоқда. Висконсин университети иқтисодиёт магистри, Сингапурдаги Нанянг технологик университети бакалаври даражасига эга. АҚШ Федерал Захира Тизими томонидан 2015 ва 2016 йилларда монетар сиёсат соҳасида энг яхши таклифлар танловида Висконсин университети жамоаси вакили сифатида иштирок этган.

Аргентина — иқтисодиёт фани ўқитувчилари учун ҳам, тадқиқотчилар учун ҳам севимли мисол. Бу мамлакат XX аср бошларида жаҳоннинг энг бой давлатлари ўнлигига кирган, ҳозирда эса юзликдан зўрға жой олган — 90-ўрин. Барқарор иқтисодий ўсиш ҳақида гап кетганида, айнан Аргентина мисоли бизга «ёмон ҳолат» жуда чўзилиши мумкинлиги, ёрқин келажак ёки ривожланаётган иқтисодиётни ривожланган иқтисодиётга айлантириш учун ҳеч қандай кафолат йўқлигини яққол кўрсатиб беради. Сиёсий иқтисодиёт нуқтаи назаридан бу мамлакат билан (яқин-яқингача) нималар рўй бергани ҳақида узоқ ҳикоя қилиб бериш мумкин. Сиёсий иқтисодиёт ёки иқтисодий ривожланиш борасидаги университет курслари Аргентина масаласига бир неча кунлик маърузалар ажратади, чунки бу мамлакатнинг ана шундай ноординар иқтисодий (ва сиёсий) тарихи бор.

Сўнгги 100 йил ичида Швеция ва Аргентина ЯИМининг ўсиш графиги. Манба: republic.ru

Муваффақиятсиз иқтисодий сиёсатидан ташқари Аргентина бизга Жанубий Американинг маданий маркази сифатида машҳур. XX аср адабиётида Аргентинанинг роли XIX аср рус адабиёти билан баҳслаша олади. Адабиёт ва футболдан ташқари бу мамлакат гўштни грилда тайёрлаш — асадо анъаналари билан ҳам машҳур. Аргентина ҳар доим юқори сифатли, оғизда эрийдиган, маҳаллий фермерлар ва аҳолининг фахри бўлган мол гўшти билан таниқли бўлиб келган. Яхшилаб қовурилган ана шундай гўшт бўлагининг дастурхонида бўлиши — ҳар бир аргентиналикнинг деярли туғма ҳуқуқи. 90-йилларда бу мамлакат президенти Америка нашрларидан бирига интервью бера туриб ҳаттоки шундай деган: «Агар муштарийларингиз вегетариан бўлишса, менинг мамлакатимга қадам босишмасин». Чорвачилик ва ошхона санъатининг шуҳратли анъаналалари поёнсиз яйловларда қорамол етиштираётган фермерларни ҳақиқий қаҳрамонга айлантиради, улар ҳақида ўнлаб қўшиқлар ва кинолар яратилиб, уларнинг меҳнати ва турмуши мадҳ этилган.

Фото: MercoPress

2005 йилда Аргентина жаҳонда мол гўшти экспорт қилиш бўйича учинчи ўринда бўлган. Молларнинг боши муттасил ошиб бораётган, чорвачилик соҳасига инвестициялар юқори суръатларда кенгая бораётган эди. АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) нинг прогнозларига кўра, гўшт етиштирувчиларнинг бундай ўсиши ва самарадорлиги ҳисобга олинадиган бўлса, бир неча йилдан сўнг Аргентина мол гўшти етиштириш ва экспорт қилиш бўйича жаҳонда мутлақ биринчи ўринга чиқиб олиши керак бўлган. Бу соҳага инвестицияларнинг ортиши туфайли бошқа соҳалар ҳам шиддат билан ривожлана бошлайди: ем ишлаб чиқариш, транспорт логистикаси (денгиз ва қуруқликда), кушхоналарнинг инновацион усуллари, совуткичлар саноати, буғланган гўшт ва колбасалар ишлаб чиқариш дейсизми, ҳаттоки консервалаш учун жез банкалар ишлаб чиқариш саноати ҳам равнақ топади. Ҳамма абсолют шов-шувни кутаётганди, инвестициялар эса бир зум тўхтамаётганди.

Лекин ўша машъум кунда — 2006 йилнинг 8 мартида Аргентина президенти Нестор Киршнер нархларнинг доимий ошиб бораётганини олдини олиш учун мол гўшти экспортини 180 кунга тақиқлаш ҳақида қатъий чора қабул қилади. Тақиқ «Гўштни экспорт секторидан маҳаллий бозорга қайтариб, уни оддий аргентиналиклар бемалол харид қила оладиган даражага тушириш» мақсадида жорий этилди, деб ёзганди ўшанда The Economist журнали.

Бу тақиқ бирданига рўй бермади, аввалига ҳукумат «Гўшт ҳамма учун» деб номланган дастур доирасида гўшт нархи ошиб кетиши оқибатларини юмшатиш мақсадида Буэнос-Айресда мол гўштининг ўндан зиёд номдаги машҳур бўлакларини паст баҳоларда таклиф эта бошлайди. Дастурга кўра, экспорт қилинаётган ҳар 2,5 тонна гўштга, маҳаллий бозор учун экспорт нархининг 50 фоизи миқдорида 1 тонна гўшт чиқарилиши керак бўлган. Шундай қилиб, фермерлар ички бозорга имтиёзлар тақдим эта бошлашган. Кутилганидек, бу дастур мутлақо самарасиз бўлиб чиқади.

Бу чоралар билан биргаликда ҳукумат экспорт божини 5 фоиздан 15 фоизга кўтариб қўяди, бунинг оқибатида аргентиналикларнинг гўшти экспорт божи тўланмайдиган Меркосур (Бразилия, Уругвай ва Парагвай) даги ҳамкорларига нисбатан рақобатбардош бўлмай қолади. Нархлар президент кутган даражага тушмайди ва 2005 йилнинг охирида ҳукумат ва гўшт ишлаб чиқарувчилар (шунингдек сотувчилар) ўртасида узоқ музокаралар бошланади. Ҳукумат етарли даражада сиёсий ва ахборот босими ўтказиб, 2006 йилда 2005 йилга нисбатан экспорт ҳажмини 20 фоизга қисқартириш ҳақидаги битимга эришади, бироқ амалда бу юз бермайди. Аянчли оқибатлардан сўнг ҳукумат тақиқни юмшата бошлайди ва 26 майга бориб (78 кундан сўнг) экспортга тақиқ олиб ташланади, бунинг ўрнига квоталар жорий этилади.

2005–2013 йиллар оралиғида тақиқ ва кейин жорий этилган квоталар натижасида мол гўшти экспорти ҳажми 76 фоизга қисқариб кетади. Ўз-ўзидан тушунарлики, бу секторга инвестициялар тиклаб бўлмас даражада тўхтайди, 2006 йилдан 2010 йилгача қорамоллар сони 28 фоизга қисқаради. Бугунги кунга келиб, экспортга тақиқ олиб ташланганидан 11 йил (!) ўтиб, ҳанузгача қорамоллар сони 2006 йилдагидан анча паст. Йирик шохли қорамоллар сонининг қисқариши гўшт нархининг кескин ошишига олиб келади. Бозор ошиб бораётган талабни қондиришга тайёр эмас эди ва нархларнинг янада ўсиши билан жавоб қайтаради. Боз устига, қандайдир вақт оралиғида Аргентина ҳаттоки гўшт импорт қила бошлайди.

Фото: Worlwildlife.or

Инвестицияларнинг тўхташи, корхоналарнинг ёпилиши, иш ўринларини йўқотилиши, йўлдош саноатларнинг барбод бўлиши — президент ва ҳукумат томонидан қўлланилган, «ижтимоий йўналган» ана шундай чоралар оқибатларининг қисқача рўйхати. Sociedad Rural Argentina иқтисодий тадқиқотлар институти раҳбари Луис Мигель Этчеверенинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил «йўқотилган ўн йиллик» бўлган, бу даврда сунъий арзонлаштирилган мол гўшти «соҳанинг рақобатбардошлиги»га путур етказган ва йирик шохли қорамоллар сонининг 12 миллион бошга қисқаришига сабаб бўлган. Бугунлик кунда Аргентинада гўшт президент истаганидан арзон ҳам бўлиб қолмади, бир вақтлар жаҳондаги энг йирик гўшт экспортчиси эса рўйхатда 12-ўринга тушиб кетди.

Бу интервенциянинг иқтисодий оқибатлари мутлақо ҳалокатли бўлди: фақатгина мол гўшти экспортидан йўқотишлар миллиардлаб доллар билан ўлчанмоқда. Истеъмолчиларнинг кўплигидан йўқотишлар, ишсизлик ва ёпилган корхоналар туфайли рўй берган йўқотишларни ҳисоблаш қийинроқ. Бу мавзуда бир неча илмий мақолалар эълон қилинган ва улардаги хулосалар асло оптимистик эмас: умумий иқтисодиётга етказилган зарар жуда улкан ва тикланиш учун жуда узоқ вақтни талаб этади. Бу авантюранинг нуфузга дахл қилувчи чиқимлари (шартномаларни бажара олмаслик ва инвесторларнинг пули ҳавога совурилиши) ни қоплаш учун аргентиналикларнинг яна бир неча авлоди товон тўлашади.

Ушбу ҳикоядан муддао шуки, қандайдир чекловлар, давлатнинг аралашуви ёки нархларнинг назорати қилиниши (бу мисолимизда гўшт ишлаб чиқарувчилар учун) мамлакат фаровонлиги учун узоқ йиллар аянчли оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Ўзбекистонда сўнгги вақтларда гўшт ва гўшт маҳсулотларига нархларнинг ошиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз ва Аргентина сабоғи бу ерда жуда муҳим. Ўзинг хатога йўл қўйиб, ўргангандан кўра, бировнинг хатосидан сабоқ олган яхшироқ.