Жорий йилда Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топширган айрим абитуриентлар 086-У-шакл бўйича сохта тиббий маълумотнома тақдим этган. Бу ҳақида ТДЮУ қабул комиссияси маълум қилди.

Аниқланишича, ТДЮУ қабул комиссияси вакиллари ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиққанда ўнлаб абитуриентлар сохта тиббий маълумотномалар тақдим этаётгани маълум бўлган. Сохта тиббий маълумотномалар оригинал маълумотноманинг сканерланган ва рангли принтердан чоп этилган варианти бўлиб, ҳар бир абитуриентнинг расми алоҳида ёпиштирилган эди.

Абитуриентлар билан бўлган суҳбатда, мазкур кўринишдаги сохта тиббий маълумотномаларни 10 минг сўмдан 20 минг сўмгача бўлган миқдордаги ҳақ эвазига сотиб олишганлигини маълум қилишган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига кўра, абитуриент томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент тест синовларидан (олий таълим муассасасидан) четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари ўрнатилган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

Мазкур қоидадан келиб чиқиб, ушбу абитуриентлар тест синовларидан четлаштирилди ва ҳужжатлар Юнусобод туман ИИБга юборилди. Ҳозирда суриштирув ишлари кетмоқда.